Ирим – сирим залолатдир

Бидъатнинг луғавий маъноси “янгилик киритиш”, шаръий маъноси “динда бўлмаган нарсани динга қўшиш”дир.

       ”Хурофот”эса исломгача мавжуд бўлган қадимий диний эътиқодларга оид  урф -одатлар, тўқима ривоят ва афсона, ирим – сирим, сеҳр, фолбинлик, қабр тумор каби нарсалардан ёрдам сўраш, динда бўлмаган тўқима одатлардан иборат. Буларнинг бари ҳужжатсиз гаплар ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ”Сизлар менинг ва тўғри  йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз  билан  тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгилик киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат залолатдур”. (Имом Термизий ва имом абу Довуд ривоятлари).

          Ирим-сиримларга кўпроқ аёллар ишонишади.  «Болалар туғилганида унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша (розияллоҳу анҳо) устарани нимага қўйилганини сўрадилар.Улар жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша (розияллоҳу анҳо.) уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳи алайҳи васаллам) ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар» (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912).

              Яна аёллар ўртасида:  “Ёш болалар бошининг орқа қисмига ингичка «йўл» тушса, унинг узунлиги баробарида хасип солиш керак, ёши катталардан бири болани сочига қайчи теккизиб қўйиши керак” каби хато фикр ва мулоҳазалар қулоғимизга чалиниб қолади. Бу каби гаплар на шарьий, на илмий асосларга эга.Аслида болалар бошидаги “йўл”  асосан 1-2 ёшгача бўлган болаларда учрайдиган рахит касаллигининг белгиларидан бири бўлиб, ҳеч кандай “хасип солиш”, “сочга қайчи теккизиш” каби амаллар унга даво бўла олмайди. Юқоридаги ҳолат кузатилганда,  албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак.      

           Демак, аввало, биз аёллар ҳам ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли ирим-сиримлардан сақланишимиз лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.

Муяссар Ҳасанова,

Гулистон шаҳар отинойиси.

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan