Аллоҳ таоло қуръонда шундай дейди: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”. (Аъроф, 31).
Энг аввало “исроф” сўзини асл маъносига эътибор берсак. “Исроф” арабча сўз бўлиб, “беҳисоб тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш”, “нест-нобуд қилиш”, “увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
Демак, исроф қилишлик ёмон иллат ва динимиз гуноҳ ишлардан деб санаган амаллардан ҳисобланар экан. Исрофнинг ёмонлиги, уни Аллоҳ ёмон кўришлиги ҳақида қуръони каримда бир қанча оятлар бор.
Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаяпмиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаяпмиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, бирваракайига исроф килиняпти. Хонадонларимизда ортиб колган таомлар ташлаб юборилмокда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат.
Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетмоқда. Тўй ва бошка турли маросимларни ўтказишда исроф ва исрофгарчиликдан эхтиёт бўлишимиз, пешона тери билан топилган пул маблағларни ўз жойига сарфлашимиз керак бўлади.
Исрофнинг катта-кичиги йуқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир.
Кўп ҳолатларда савоб қиламан деб, исрофгарчиликка йўл қўйиб, натижада гуноҳкор бўлиб қолинмоқда.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а) ривоят қилинади : Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “сени икки хислат фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Шу ўринда таъкидлаб таъкидлаб ўтиш керакки, исроф деганда, фақат ейиш-ичиш, маросимлардаги тўкин сочинлик эмас, балки ҳар бир ишда, яшашда, таҳорат қилишда, кийинишда, вақтни зое кетгазиш ва бошқа холларда ҳам исрофдан сақланиш керак.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розийаллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Амр ибн Шуъайб ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Бир донишманд айтган экан, “Саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас.
Ҳозирги кундаги ҳаётимизда бўлган воқеа ҳақида гапириб ўтсак, ҳаммамиз учун манфаатли бўлади. Айтилишича, уч-тўртта дўстлар Германияга айланишга борибти. У ердаги шаҳарлардан биридаги бир шинам ресторанга таомланиш мақсадида киришибти. Хўррандалар камроқ, уч-тўртта ёши катта инсонлар овқатланиб ўтиришар, лекин олдиларида ўзларига яраша озгина таом ва нон бор. Йигитлар бир неча хил овқатлар, ичимликлар буюртма қилишади, хизматчи хайрон бўлиб, ҳаммаси сизларгами дейди. Улар: Албатта бизларга, нега хайрон бўласиз, айтган нарсаларимизни олиб келинг дейишади. Таомларни еб бўлишгандан кейин, бир қанча таомлар ортиб қолади. Ёнларида ўтирган ёши катта инсонлар шикоят қилишади. бироз вақт ўтиб, давлат одамлари келиб, бу йигитларни қилган ишлари нотўғри эканлигини тушунтириб, уларни 50 немис маркасига жарима қилади. Йигитлар таомни ўз пулларига сотиб олганликларини, таом уларни ихтиёрларида эканини айтишганда, жаримага тортган давлат ходимлари бир ажойиб гапни айтишади ва йигитлар қилган ишларидан хижолат қиладилар. Улар : “Пул сизларники тўғри, лекин ресурс халқники”-дейди. Яъни, сизлар исроф қилган таомни бошқа кимлардур ейиши мумкин эди дейишади.
Демак, биз исроф қилган нарсаларда кимларнингдур ҳаққи бор, шуни унитмайлик. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, юқоридаги оятлар ва ҳадислардан ва хаётий мисоллардан келиб чиқиб, барча ишларимизда, айниқса тўй ва маросимларда бўладиган исрофгарчиликларни бартараф қилиб, ихчам, чиройли ва ҳар бир ишни меъёрида қилсак мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, амалларнинг энг яхшиси, ўртахолликдур.
Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдаё туман “А.Яссавий”
масжиди имом-хатиби.