Бузғунчи ғоялар таҳдиди ва уларга қарши кураш

 Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва дурудларимиз бўлсин.

      Нуқсонлардан пок бўлган Зот Ислом динини поклик, тинчлик дини,  бандалари учун манфаатли дин қилди.

      Ислом нури зулматларни қанчалик ёритгани сари, ушбу нурни тўсишга ҳаракат қилувчи қора кучлар илк рисолат давридан бошлаб ҳозиргача соядек эргашиб, мудҳиш ниятларини амалга ошириш учун ҳаракат қилишаяпди.Пок динимизни экстремизм, терроризм, миссионерлик, соҳта салафийлик, “оммавий маданият” каби ёт, бегона ғоялар билан “безаб”, инсониятга хунук кўрсатиб, диндан бездиришга интилувчи ғаламислар ўз мақсадларини амалга ошириш учун турли воситалардан фойдаланмоқдалар.

      Ачинарлиси, носоғлом эътиқод эгалари нозик хилқат ҳисобланувчи аёлларимизга, ёшларимизга турли йўллар билан таъсир ўтказиш орқали  оиланинг, маҳалланинг, бутун бир жамиятнинг хавфсизлигига раҳна солмоқдалар.                                 

       Ўз мақсадларига эришиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган манфур кимсалар олдинлари кўчама – кўча юриб, уйма-уй кириб ҳар хил китоб, варақалар тарқатишга ҳаракат қилган бўлсалар, ҳозирда бир жойда ўтириб ижтимоий тармоқлар орқали ёки қўшни мамлакатларда ишлаётган мавсумий меҳнат мигрантларининг онгини жонли мулоқот орқали заҳарлаб ўз ғояларига эргаштириш учун барча имкониятларини ишга солаяпдилар.

       Ҳозирги кунда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун- моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб нотўғри изоҳлашга ва одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.Бунда исломнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.

       Дарҳақиқат, ғоялар кураши авж олган асримизда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этмоқда.

       Бундай манфур кучларга қарши курашда ғоявий тарбия, хусусан, аёллар ва ёшлар онгида юксак маънавиятни шакллантириш масалаларига янада эътиборни кучайтириш зарур.  

      Дарвоқе, бугун юртимизда бузғунчи ёт мафкураларга қарши кураш чора-тадбирлари “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш

       Хўш, нима қилиш керак? Қандай қилинса мақсадга мувофиқ бўлади?

       Бу борада диний уламолар томонидан ҳам турли фикрлар айтилиб, маърузалар қилинаяпди, таҳдидларга қарши чора – тадбирлар ишлаб чиқилаяпди.

        Бу масалада ғоявий душманлар билан муросасиз бўлган юртимиз уламоларидан бири Исҳоқжон Бегматовнинг фикр ва таклифлари  диққатимизни тортди.

“Бунга қарши курашишни эса бир қанча йўллари бор,- дейди домла, улардан:

Биринчи ва энг муҳими, ҳозирги кунда эътибор берилмаётгани ёшларнинг онгига    ўзларининг  дини, эътиқодига бўлган маълумотларни тўғри, соф ва режали асосда жойлаштириш керак. Бунинг учун эса ёшларни шифокорлар томонидан омматан эмлаш йўлга қўйилганидек, диний мутахассислар томонидан ёшларни соф Ислом ақийда ва тушунчалари билан эмлаш керак. Бу маънавий эмлашни эса барча мажбурий таълим муассасаларида қўллаш энг самарали услубдир. Акс ҳолда кеч бўлади. Касаллик ривожланиб, катта жароҳатларни, балки қурбонларни келтириб чиқарадиган даражага борганидан кейин унга ҳар хил чора ва муолажаларни қўллашнинг фойдаси бўлмай қолади. Мазкур ҳақиқатни бир эмас, бир неча мамлакатларнинг аҳолиси ичида бўлаётган ҳодисалардан ҳам билиб олсак бўлади.

Иккинчи: ҳозирги кунда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ўз-ўзидан уни мутлақо ман этиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйишга имконият йўқ. Шунинг учун ҳам ёшларни онгида уларга ижобий таъсир қила оладиган услуб билан интернетдан фойдаланиш қонун-қоидалари ва биринчи ўринда динимиз белгилаб берган одоблар билан таништириш керак ва бу борада таништирувчиларни ўзлари ибрат бўла олар даражада бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Учинчи: Ёшларнинг онгида ҳар хил кўнгилочар ўйинлар ёки бўш вақтларни зерикмаслик учун ҳар хил бекорчи машғулотлар билан зое қилишни ўргатадиган ҳар қандай ташвиқот ва тарғибот услубларига қарши курашиш керак.

Тўртинчи: ёшларни мазкур иллатлардан огоҳлантириб, қайтариш билан биргаликда уларни кўнгилларини эгаллай оладиган, ҳар тарафлама фойдали ва самаралироқ бўлган ғоялар билан таъминлаш керак.

Бешинчи: Интернет сайтларида ёшларни зериктирмайдиган, балки улар учун янгилик ва кашфиёт сифатида қабул қилинадиган даражадаги ижобий, ахлоқий, диний маълумотларни кўплаб тарқатиш керак (бунда савоб нимаю гуноҳ нима ва бу иккаласига нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак ва уларни амалга ошираётганларга Аллоҳ таоло тарафидан қандай муомала қилинади). Ёшларнинг қалбида эса ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак.

Олтинчи: Ёшлар нима учун ёт ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан кўплаб фойдаланадию керакли ғояларни тарқатаётган интернет сайтларидан деярли умуман фойдаланмайди. Буни ҳам таҳлил қилиб, ўз ўрнида муолажа қилиш керак. Бунинг асосий сабабларидан бири эса, ёт ғояларни тарқатаётган сайтлар бир неча ўн минглаб бўлса, миллий қадриятлар, диний ва ахлоқий маълумотларни тўғри ҳолда тарқатаётган сайтлар бармоқ билан санарли даражада озлигидир. Қолаверса, ёт ғояларни тарқатаётганлар учун ҳеч қандай чеклов ва ҳар хил тўсиқлар умуман йўқ. Лекин уларга қарши иммунитетни ҳосил қиладиган маълумотларни тарқатадиганлар учун эса албатта ҳар хил чеклов ва тўсиқлар бор. Баъзида мана шу чеклов ва тўсиқлар тақдим қилинаётган маълумотларни сохталаштириб, унинг ижобий таъсирчанлигини йўқотади. Натижада у маълумотни ўрганаётганлар бир икки марта кириб ўқиганларидан кейин ўзларида зерикишни ҳис қилади, натижада “қармоқ” сифатида тақдим қилинган ёт ғояларнинг ўлжасига айланади. Сўзимиз исботи учун баъзи бир маълумотларни тақдим этамиз. Масалан: жамиятимиз равнақи ва ёшларимизнинг тарбияси учун ҳеч қандай манфаати бўлмайдиган сайтлар борки бир кунда бир неча минглаб ёшлар айнан шу сайтларга киради ва ўзларига қандайдир бефойда маълумотларни олади. Биз бу ўринда хориждан туриб ёт ғояларни ва ҳар хил кўнгилочар ўйинлар, бузғунчилик ва фаҳшни тарғиб қиладиган сайтларни келтирмадик. Чунки уларнинг сон-саноғи йўқдир.

Ва шундай расмий сайтлар ҳам борки (баъзиларнинг шахсиятига тегиб кетмаслиги учун уларнинг номларини зикр қилмаймиз) уларга бармоқ билан санарли даражада одамлар киради, ҳаттоки ўша соҳанинг мутахассислари мажбур бўлганлигидан фойдаланадиган сайтлар ҳам бор. Ёки миллийлик, маънавият ва баъзи бир диний маълумотларни тарқатадиган сайтлар ҳам борки, улардан фойдаланаётганлар ҳам ўта озчиликни ташкил этади. Бунинг сабаби эса ҳаммага маълум.

Еттинчи: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш учун сафарбар қилинган мутахассислар холис, ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар ва шу билан бирга ўзи тарғиб қилаётган миллийлик ва маънавият талабларига ҳақиқатан амал қилиб, жонли ўрнак бўла оладиган бўлиши керак.

Саккизинчи: Бу борада ҳар тарафлама халқнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлган, уларнинг ишончини қозонган, доимо ўзининг шахсий манфаатларидан кўра юрт ва халқининг манфаатларини юқори кўра оладиган даражадаги намунали мутахассислар иш олиб боришлари керак. Буни белгилаш учун эса ҳар хил илмий унвонларининг кўплиги эмас, балки унинг етказаётган маълумотларига кўпчиликнинг қулоқ солиб, унга амал қилаётганига назар солиш керак”.  Ҳеч бир мафкура бўронлари илдизи чуқур кетган халқни йиқита олмайди.

Гулистон шаҳар отинойиси
Муяссар  Ҳасанова 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan