Бало келганда сабр қилиш

Коронавируснинг салбий таъсири деярли ҳеч бир соҳани четлаб ўтгани йўқ. Айниқса, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати негизида жиддий муаммо ва ташвишлар юзага келаётир. Ҳатто пандемия асоратлари дунёнинг психологик қиёфасини ҳам ўзгартириб юборгани рост.
Нима учун? Чунки инсоният коронавирус каби бундай катта офатга тайёр эмасди. Тўғри, тарихда қанчадан-қанча жангу жадаллар, жаҳон урушлари, 50 миллионлаб кишиларнинг умрига зомин бўлган ўлатлар одам боласини анча тоблаган. Лекин ҳозиргидай тараққиёт асрида қандайдир бир нотаниш инфексия бутун борлиқ олдида инсон жуда кичик ва айни дамда ожиз жонзотлигини барчамизга яна бир карра эслатиб қўйди. Оқибатда ҳимояланишга мажбур бўлдик.
Дарҳақиқат, кўпгина қавмлар турли хасталиклар, жумладан, вабо ила қирилиб битгани тарихда маълум. Аллоҳ таоло Ўз меҳри ила бошқаларга азоб бўлиб юборилган вабони мусулмонлар учун раҳмат қилиб қўйибди. Улар вабо етганида Аллоҳ таолонинг айтганини қилсалар, вафот этсалар ҳам, шаҳид кетадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ унинг пешонасига битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур», деганлари айнан шу маънони тасдиқ этади.
Бу ҳозирги замон истилоҳи ила айтилганда, тиббий сақланиш чораси, карантин, деганидир. Ислом кўпчилик манфаатини ўйлаб, вабони бошқа ҳудудларга ҳам тарқалиб кетмаслиги йўлида ўзини фидо қилган кишиларни шундай юқори тақдирлайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вабо бало ёки азобдир. Уни Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда пайдо бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган ерда воқеа бўлса, ундан қочиб у ердан чиқмангиз», дедилар».
Ушбу ривоятдаги «бало ёки азобдир» ҳамда «Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга» деган таркиблардаги «ёки»нинг келиши ҳадис илмида «шак учун» дейилади. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки сўз ёки иборадан бирини ишлатганлари аниқ, лекин ровий қайси бири эканлигида шак қилиб қолган. Бошқача қилиб айтганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан иккисидан қай бирини ишлатганларини аниқ ѐдлаб қола олмаган ва омонатга хиёнат қилмаслик юзасидан борини айтган.

Ҳусан АТАКУЛОВ
Боёвут тумани «Имом Ал-Бухорий»

жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan