Яратган Роббимиз Аллоҳ азза ва жаллага беадад шукроналар бўлсинки, яна бир карра Рамазони шариф ойига бизларни етказдирди. Бу муборак ойда адо қилган барча маънавий ва моддий ибодатларимизни ҳусни қабул айласин! Кўп йиллар шундай улуғ кунларга насибамизни қўшсин!
Аллоҳ таъолога шукроналар бўлсинким бир ойлик ибодатларни адо қилиб Рамазон ҳайити байрамларига хам етиб келдик. Қуйида ушбу муборак кунда эътибор қилишимиз лозим бўлган одоблар ва уламоларимизни насиҳат ва тавсияларини эслатиб ўтишни лозим деб топдик.
Рамазон ҳайити ҳижрий қамарий йил ҳисоби бўйича Шаввол ойининг 1 кунида нишолланади. Бу кунни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён барча мўъмин мусулмонлар интиқ бўлиб кутадилар, алоҳида аҳамият билан ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу кунни байрам бўлишининг сабаби мўъмин мусулмон бандалар Ҳақ азза ва жалла фарз қилган, диннинг устини бўлган Рўза ибодатини адо этишлари муносабати ила ҳурсандчилик куни деб эълон қилинди.
Пайғамбаримиз Мухамммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан марҳамат қилинган ҳадиси шарифлардан хулоса қилган ҳолатда уламоларимиз Ҳайит байрамининг одобларини зикр қилганлар.
Биринчи одоб: яхши ният қилиш
Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим.
Иккинчи одоб: Ғусл қилиш
Ҳайит байрамига таёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилиш туфайли бошқаларнинг ундан азият чекишларининг олди олинган бўлади.
Учинчи одоб: Хушбўйланиш
Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.
Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир.
Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш
“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.
Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.
Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор шаринлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар”.
Шунга кўра Рамазон ҳайти куни эрталаб намозгоҳга чиқиш олдидан бир нечта хурмо еб олиш суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурмодан тоқ еб чиқишлари ҳам ривоят қилинган.
Еттинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш
Барчаларимизга маълум шу куни аввало Бомдод намози адо қилинади сўнгра Рамазон ҳайити маърузаси қилинади ва қуёш икки найза миқдоридан юқори кўтарилгач ҳайит намози адо қилинади ва хутба ўқилади. Ушбу ибодатлар асносида ортиқча хатта ҳаракатлар содир этмасак, ажримиз зиёда бўлади.
Саккизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш
Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Шунингдек автоуловлар тирбандлигини олди олинади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади.
Тўққизинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.
Ўнинчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик
Ҳайит намозгоҳига етиб боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган: Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийддан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, қачон манзилларига қайтсалар икки ракаат намоз ўқирдилар”. Ибн Можа ривояти.
Ўн биринчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш
Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
Ўн иккинчи одоб: масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш
Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар”. Бухорий ривояти.
Ушбу суннатга амал қилишнинг кўплаб фойдалари бордир. Аввало намозга бориб келишдаги босган қадамлари кўпаяди. Натижада савоблари ҳам ўшанча кўпаяди. Қолаверса бошқа йўлдан қайтишда янада кўпроқ инсонларга хурсандчилик изҳор қилиш ва уларни ҳайит билан қутлаш имконияти ҳам ошади. Энг муҳими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган бўлади.
Ўн учинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш
Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
Ўн тўртинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиш ва уларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит хурсандчиликларини янада зиёда бўлишига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.
Ўн бешинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.
Ўн олтинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлар билан хурсандчилик қилинмаслигини асло унутмаслиги лозим. Шунга кўра гўё “ҳайитда рухсат” дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлаётганлар ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириб олаётганлар ушбу улуғ кунда шариатга зид ишларни содир этаётган бўладилар. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Азизлар бу йилги Ҳайит байрамининг янада файзли ўтиши учун жорий йил 10 Май куни муҳтарам юртбошимиз “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-5110-сонли қарорга имзо чекдилар. Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 май — пайшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, мамлакатимизда 2021 йил 13 май Рамазон Ҳайити байрами сифатида нишонланиши белгиланди.
Шунингдек, Президентнинг 10 майдаги ПФ-6222-сонли Фармони асосида 2021 йил 14 май (жума) ҳамда 15 май (шанба) кунлари қўшимча дам олиш куни деб эълон қилинди. Бундан келиб чиқиб, юртдошларимиз Рамазон Ҳайити муносабати билан кетма – кет 4 кун дам оладиган бўлишди.
Ушбу қарор барчаларимизни янада шодлантирди. Бу дам олиш кунлари янада кўпроқ яхши амаллар қилишимизга, силаи раҳм узоқ ва яқиндаги қариндош ва дўсту ёронларни зиёрат қилишимизга ва оила аъзоларимиз жону жигарларимиз билан хуррамликда байрамни нишоллашимизга сабабчи бўлади иншааллоҳ.
Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар
“Исо ўғли Мусо” жоме
масжиди имом-хатиби: