Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдиддир

        Ислом динимиз инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди. Бугунги кунда жаҳонда иқтисодий муносабатларнинг глобаллашуви оқибатида инсон қадр-қимматини топтовчи “одам савдоси” деган тушунча пайдо бўлди. Бу муаммо ҳозирги пайтда бутун жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга соляпти.

      Мамлакатимизда бу иллатнинг олдини олиш, юртдошларимизнинг фирибгарлик тузоғига илиниб қолишларига йўл қўймаслик, одам савдоси туфайли жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Одам савдоси инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишига маҳкум этади, умрига зомин бўлади, эрки, тақдири ва келажагини оёқости қилади.
      Аллоҳ инсонларни яратар экан, уларга дунё ҳаётида жуда кўп неъматларни ато этиш билан бирга тўғри йўлни, ҳидоят йўлини ҳам кўрсатиб қўйган. Бандаларини ҳидоятда бўлиб, Ўзига чин бандалик қилишларини талаб этган.
      Таассуфки, айрим виждонсиз кимсалар одамларнинг соддалиги, ҳақ-ҳуқуқини билмаслигидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Улар ҳур, озод кишиларни алдаб, улар ҳуқуқини поймол этиб арзимас матоҳ каби “қуллик”ка сотиб юборишмоқда. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари туфайли қанчалаб юртдошларимиз, хусусан аёл-қизларимиз хорижий ўлкаларда азоб чекиш ҳолатлари кузатилмоқда. Одам савдоси дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан биридир. Бу жуда мунозарали, баҳсталаб масала. Кимдир сабаб сифатида иш тополмаётганини рўкач қилади, кимдир пули йўқлигини, кимдир алданиб қолганини айтади. Тўғри, ҳар ким ўзи кўрган вазият, билган воқеадан келиб чиқиб муносабат билдиради. Аммо энг асосий сабаб, фуқароларда, айниқса ёшларда ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги деб ҳисоблайман. Нима, улар одам савдосининг борлиги ҳақида эшитмаганми?  Ахир маҳаллалар, қишлоқлар, олий ўқув юртлари, коллежлар, ишлаб чиқариш корхоналарида бу жиддий мавзуда қанчадан-қанча тадбирлар ўтказиляпти. ОАВ томонидан роликлар, кўрсатувлар, видеофилмлар тайёрланган, тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Аммо барибир одам савдоси қурбонлари бўляпти. Нега? Шунча маълумотларга қарамай, қўшниси, қариндоши ёки энг яқин дугонасининг ёлғонига ишониб, алданиб қолаётганлар қанча? Шунинг учун одам савдоси муаммосининг илдизида ёлғон, алдов, ноқонунийлик ётибди.
       Одам савдоси деган хунук атаманинг ортида инсоннинг камситилиши, хўрланиши, ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши каби мислсиз азоб-уқубатлар борлигини ҳар ким ўзининг тасаввури доирасида билади. Аммо шунга қарамай, ана шу кўргуликнинг қурбонига, жабрланувчисига айланиб қолади. Яратган томонидан ўзига ато этилган ҳаётни, яшаш ҳуқуқидай дахлсиз эркини бировларга бериб қўяди ва бундан бир умр азият чекади.
      Ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатиш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари лозим. Бир-бирларимизни чиройли амаллар қилишга ва ўзаро сабрли ва қаноатли бўлишга чорлайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизни Ҳақ йўлидан адаштирмасин!

     Сирдарё вилояти вакил ўринбосари Абдурауф Ёрбеков.      

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan