Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги неъматдир. У – дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло айтадики: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”(Қаҳф, 46).
Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бизларнинг солиҳ амалларимиз зиёда бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. (Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло фарзандни инсонга неъмат қилиб берган, лекин шу фарзанд ота-онага бало бўлиши ҳам мумкин. Бунга асосий сабаб ота-она тарбияси, лекин энг асосийси, ўша ота-онанинг ўтмишда ўз ота-онасига қилган жафосидир. Бу дунё қайтар дунёдир. Оммавий ахборот воситалари, телевидениеда бу борада жуда кўплаб мақолалар кўрсатувлар намойиш қилиниб келинмоқда. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари бизга тарбия бўлиши керак: “Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар”.
Кейинги энг муҳим масала, фарзандга ёшлигидан илм ўргатмоқ лозим. Психологлар фарзанд тарбиясидаги муҳим ўринни оила эгаллашини кўп бора таъкидлаганлар. Бу борада диний китобларда ҳам кўплаб ҳадислар, ўгитлар келтирилган. Ота боболаримиздан қолган “Қуш уясида кўрганини қилади” деган пурмаъно мақол бор. Бу мақолнинг тагида жуда катта маъно бор. Шундай экан, солиҳ фарзанд вояга етказиш учун аввало оиламизни тинч сақлашимиз, ота-оналарнинг фарзандларига ўрнак бўлишини таъминлашимиз керак. Фарзанд илм олсин, ҳунар ўргансин, оила ташвишлари қандай бўлиши ҳақида етарлича тушунчаларга эга бўлсин, энг муҳими – иймонли бўлсин. Ана шундагина ота-оналар фарзанд тарбиясидаги ўз вазифаларини бажарган бўладилар.
Охунжон ВОСИЕВ
Сайхунобод тумани
бош имом-хатиби.