Ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг ўрни

Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.

Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан ва руҳан камолотга етишмоғида ислом дини таълимотининг ўрни нақадар юксакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг муборак ҳадисларида ушбуни баён қилиб айтганларки: “Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Ҳақиқатан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, ҳушхулқлик энг олий фазилат эканлиги ҳақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур….” (Наҳл,90).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қатор ҳадисларида ҳушхулқликни мадҳ этадилар. Ҳадисларининг бирида: “Менга энг маҳбуброғингиз ва охиратда Менга энг яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ислом динида энг яхшингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Албатта, гўзал ахлоқ ва одоб инсоннинг ёшлигидан балки, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Амр ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: Эй, бола! Аввал, бисмиллоҳни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни  олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.

Дарҳақиқат, ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.

Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга аҳамият қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишини одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар ( Имом Термизий ривояти).

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб ҳунарга тарғиб қилиш лозим.

Ёшлик даврида инсоннинг қалби беғубор, турли хилдаги қалб касалликларидан холи бўлади. Ҳадисларда айтилишича, Аллоҳ таоло инсоннинг қалбида Ўзи учун жой барпо қилган, ўша қалб Аллоҳнинг назари тушадиган макондир. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Ҳусниддин ЖЎРАЕВ
Мирзаобод тумани “Занги ота”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan