Сафар ойи

Тилимизда “сафар” деб талаффуз қилинадиган бу сўз арабчада сод ҳарфи билан “софар” дейилади. Араб тилида “сафар” ҳам, “софар” ҳам бор. Сафар –йулчилик, саёҳат маъноларини англатса, “софар” қамарий иккинчи ойнинг номи. Жоҳилият даврида араблар сафар ойида янги иш бошлаш, никоҳланиш, сафар қилиш ва бошқа бир қанча ишларни қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблашган.

Шунга ўхшаш ҳолат гоҳо юртимиз мусулмонлари орасида ҳам учрайди. Баъзилар сафар ойида тўй қилиб бўлмайди, сафар қилиб бўлмайди, деб ўйлашади. Араб жоҳилиятида тарқаган хурофот бизга қандай қилиб келгани ханузгача кўпчиликни ўйлантиради

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касаллик юқиши йук, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ”, дедилар » (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Жоҳилият араблари касаллик ўз-ўзидан юқади, бойқуш қўнган хонадонга кулфат келади, деб ўйлашарди. Навъуни ёмғир ёғдирадиган юлдуз дейишарди. Пайғамбаримиз буларнинг барчаси йўқ нарса эканини айтдилар. Бу мазмундаги ҳадислар кўп. Зеро, Аллоҳ таоло мўминларнинг илоҳий амрга: “Эшитдик ва итоат этдик”, дейишларини зикр этган (Бақара сураси, 285-оят).

Сафар ойи ва бошқа нарсалардан шумланишлар ихтилофли масала эмас, балки уламолар бир овоздан қоралаган иш. Ушбу ҳолат динимиз кўрсатмаларига мутлақо зидддир. Бу нотўғри ақида инсонлар ўртасида кўп тангликларга сабаб бўлади. Куръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас” (Бақара сураси, 185-оят).

Нега Аллоҳ таоло бизларга енгилликни хоҳлаганда, биз ўзимизга қийинчилик туғдиришимиз керак?! Аллоҳдан бошқа яратувчи йўқлигига, ҳар бир иш унинг изни билан бўлишига имони бор кишидан бундай шумланиш ва хавотир бўлмайди. Мадинада биринчи масжид қурилиши, Фотима онамиз ва Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумонинг никоҳ тўйлари, Хайбар фатҳи айнан сафар ойида бўлганини, саҳобалар орасида сафар ойи “яхшилик ойи” деб аталганини унутмаслик керак.

Нурмуҳаммад ТУРДИЕВ
Мирзаобод тумани “Маҳдуми Аъзам”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan