Маънавий ва жисмоний покланиш ойи

Яратган Парвардигоримизнинг фазл-марҳамати билан Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олиб, бу ойнинг файзи – барокоти ва саховатидан баҳраманд бўлмоқдамиз.

Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир…” (Бақара сураси, 185-оят).

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади” – деганлар.  Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади.

Рамазон ойи маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Бундай ишлар рўзанинг савобини кетказади. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас” – деганлар. Бошқа бир ҳадисда “Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” — дейилган.

Ҳар бир инсон яхши амалларни адо этар экан, унинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишини умид қилади. Бунинг учун, аввало, ҳар бир амални ихлос билан холис бажариши лозим.

Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди.

Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, ҳайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимларни бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойини азиз ва жаннатмакон диёримиз учун хайрли ва баракали қилишини, халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар “Тавҳид”
жоме масжиди  имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.