Ўзгаларга яхшилик қилиш мўминнинг энг афзал хислатидир, Аллоҳ розилигини топишининг осон йўлидир. Яхшилик Аллоҳнинг бандага раҳматидир. Яхшилик туфайли банда охиратда улкан савобларга эришади. Қилинган яхшиликлар, солиҳ амаллар инсонни жаннатга элтади, икки дунё саодатига мушарраф этади. Яхшилик қилганларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“(Улар) Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадилар, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва хайрли ишлар сари шошиладилар. Айнан улар солиҳ кишилардандир. Нимаики яхшилик қилган бўлсалар, (унинг савобидан) маҳрум бўлмагайлар. Аллоҳ тақводорларни (яхши) билувчидир”. (Оли Имрон сураси 114 115 оят)
Парвардигорнинг ваъдасига кўра яхшилик қилувчи мўминлар жаннат неъматлари билан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотлар билан тақдирланишади. Мўминлар учун бундан ҳам ортиқ бахт-саодат бўлиши мумкинми? Аллоҳ таоло айтади:
“Тақволи бўлган (имон келтирган)ларга: “Раббингиз (Ўз пайғамбарига) нимани нозил қилди?” – дейилганида, улар: “Яхшиликни”, – дерлар. Бу дунёда чиройли иш қилганлар учун чиройли мукофот бўлур…”. (Наҳл сураси 30 оят)
Ислом дини инсонларни фақат яхшилик қилишга, ёмонликлардан четда бўлишга буюради. Яхшилик, энг аввало ота-онага, яқинларга, қўни-қўшниларга кўрсатилади. Чунки Аллоҳ таоло шунга буюрган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг…”. (Бақара сураси 83 оят)
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (алйҳис салом.) Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: “Кимики бир яхши амални ният қилсаю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб унга ёзиб қўяди. Агар ният қилсаю адо ҳам этса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални ният қилсаю уни бажармаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни ният қилсаю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”, – дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (алйҳис салом) менга: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, – деганлар (Имом Муслим).
Динимизда шошқалоқлик қораланган бўлса ҳам яхшилик қилишга ҳамиша шошилишга чорлов бор. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Бас, яхши ишларга шошилингиз!” (Бақара сураси, 148 оят); “Дарҳақиқат, пайғамбарлар яхши ишларни қилишга шошишарди” (Анбиё сураси, 90 оят).
Муфассирлар айтишадики, ушбу оятдаги “шошиш”нинг маъноси Аллоҳ таоло йўлида яхшилик қилишга ва Унга мақбул бўладиган солиҳ амалларга шошилишдир. Имом Розий айтадилар: “Аллоҳни рози қиладиган барча яхши ишларни тезлик билан бажариш инсон учун энг мақтовга сазовор ишдир”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (алйҳис салом) бундай деганлар: “Етти нарсадан олдин яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар, чунки бунда сизлар қуйидагиларга учрайсиз: 1) камбағаллик – ҳамма нарсани унуттириб юборади; 2) бойлик – туғёнга кетишга сабаб бўлади; 3) беморлик – барча нарсани фасод қилади; 4) қарилик – кўп нарсани ёддан чиқаради; 5) ўлим – воқеаларни тезлаштиради; 6) Дажжол – кутилаётган ғайбий нарсаларнинг энг ёмони, қиёмат – фалокатларнинг энг оғири ва аччиғидир” (Имом Термизий ривояти).
Яхшилик ва ҳилм дарахтини эккан омонлик ва хотиржамлик мевасини териб олади. Ёвузлик уруғини сепган пушаймонлик-надомат ҳосилини йиғиб олади. Ҳақиқий комил инсон ёмон хислатлардан, номаъқул ва номарғуб хулқ-атвордан пок бўлади, гўзал сифат ва ахлоқ билан ўзини ораста қилади, ёмонлардан четланади ва ҳеч кимга озор етказмайди. Ким қилган яхшилиги ёки амали билан мақтанса, унинг барча яхшиликлари ёмонликка айланади.
Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме
масжиди имом хатиби