Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло барча гуноҳлардан истаганичасини (оқибатини) қиёмат кунига қолдиради. Фақатгина, ота-онага оққ бўлганларнинг жазосини қиёматга қолдирмасдан, ўша инсоннинг ўлимидан олдин унга қилган гуноҳини жазосини тезлатади”
ҲИКОЯТ: Машойихлардан бирлари дейдилар: Сафарда эдик, кеч бўлганлиги сабабли бир ерга тушдик. У жой қабристонга яқин эди. Қабристон томондан эшак ҳанграганига ўхшаш бир овозни эшитдик. Ўша ердаги мезбондан сўрасак, у бизга деди: “Бу эшакнинг ҳанграши қишлоғимизда яшаб яқинда вафот этган бир нобакорнинг қабридан чиқаётган овоздир. Унинг онаси бор эди. У онаизор боласига бир нарса деса, у онасига қараб: Ҳе, эшакка ўхшаб ҳанграйверма, дер эди. У одам ўлганидан кейин қабридан эшак ҳанграши эшитиладиган бўлди”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Тўрт тоифага Аллоҳ Ҳақ субҳанҳу ва таоло қиёмат куни назар солмайди: 1. Ота-онасига оққ бўлган, 2. Берган нарсасини миннат қилувчи, 3. Тинмай ароқ ичувчи ва 4. Тақдирга ишонмай ёлғон деювчига”
Бир неча киши келиб Каъбул Ахбордан: “Киши қандай ишларда ота-онасига оққ бўлиши мумкин? Бу ҳақида китобларда нима дейилган?” деб сўрадилар.
Каъбул Ахбор: “Ундай бўлса эшитинглар: 1. Отаси ёки онаси бир нарсада қасам ичсада, фарзанд уларнинг қасамхўр бўлмасликлари учун у ишни қилиш ўрнига унга бепарво бўлса, 2. Ота-она ҳожатманд бўлибми ёки кўнгли тусабми боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўла туриб бермаса, 3. Ота-она боласига бир нарсани омонат қилиб топширса-ю, у омонатга хиёнат қилса, 4. Ота-она боласидан Аллоҳга шикоят қилса, яъни фарзанднинг бир қилмишлари борки, ота-онаси уларга чидай олмасдан Аллоҳга ёлвориб: Аллоҳим, болам мени бундай қилди – ундай қилди, деб шикоят қилса”
Ота – онага оқ бўлишнинг яна бир амаллари бор. Бу ҳам бўлса, фарзанд ота-онасини малол олиб, қариялар уйига элтиб қўйиши ёки уларни қаровсиз қолдириши ёки фарзанд ота-онасига қўл кўтариши. Оқ бўлишга олиб борадиган йўллар эса бу бола ўз ота-онасига ғазаб қилиб дўқ пўсиса қилиши ёки авзойини бузиб уларнинг кўзларига тик қараш каби амаллар инсонни бадбахт бўлишига олиб боради.
Алишер Навоий ҳазратларининг чиройли назмий насиҳатлари бор:
Бири эрур макрумоти волидайн
Билки мунунг қилмоғингдир фарзу айн.
Бу икининг хидматини бир бил,
Ҳар неча ифрот этса, тақсир бил.
Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Икки жаҳонингға тиларсен фазо,
Ҳосил этсин ушбу иккисидин ризо.
Тун-кунунгга айлагали нур фош,
Бирини ой англа, бирисин қуёш.
Сўзлардин чекма қалам ташқари,
Хатларидин қўйма қадам ташқари.
Бўлсин адаб бирла бори хидматинг,
Хам қил адаб доли каби қоматинг.
Улуғларимизнинг насиҳатлари бизни дунё ва охтратда нажот топишимизга сабаб бўладиган омиллардандир. Қуйида ота – онага нисбатан бўлган одобларимиз борасидаги насиҳатларига эътибор қаратамиз:
“Эсингдан чиқарма! 1. Ота-онангга яхшилик қилишинг, хоҳ улар мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлишсин, бу Аллоҳ розилигининг калитидир ва охиратингни нажотидир. 2. Сен уларга сукут сақлаб қулоқ сол, улар сен билан гаплашаётганларида, ана ўшанда донишмандликка эришасан. 3. Улар ўринларидан турганларида, жамиятда мансабинг қандай бўлишидан қатъий назар, эҳтироман сен ҳам ўрнингдан тур, одамлар орасида ҳурматга сазовор бўласан. 4. Ота-онанг нимани буюрса, иккиланмасдан бажар, магар Аллоҳ наздида гуноҳ бўлмаса, ана ўшанда Парвардигорга итоаткорлик моҳиятини тушунасан. 5. Эҳтиёжсиз улардан олдин юрма, ҳурматнинг қийматини тушунасан. 6. Уларнинг овозидан овозингни баланд қилма, чунки бақир-чақир қилиш динда бўлмаган одатлардандир. 7. Уларга жавоб бер, қачонки сени чақирсалар, шунда одамлар ҳам сени эшитадилар. 8. Ҳар қандай йўл билан ота-онангни хурсанд қилишга ҳаракат қил, шунда Парвардигор ҳамма йўлингни очиб қўяди. 9. Уларга меҳрибонлик қанотингни ёз ва улар билан мулойим ва софдил бўл, кексалигингда сенга ҳам шундай муносабатда бўлишади. 10. Уларга бирор нарсани миннат қилма, ана шунда самимий муомалани кўрасан. 11. Уларга беписандлик қилиб қўйма, барибир ҳам улар Аллоҳ наздида сендан кўра мақомлари баландроқдир. 12. Ота-онангга ҳеч қачон хўмрайиб қарама, чунки қўполлик ҳеч бир кишига ярашмайди. 13. Уларнинг дуосини олмасдан сафарга чиқма, шунда сафаринг сен учун хайрли бўлади. 14. Уларни ёлғиз қолдирма, сен ҳам ёлғиз қолмайсан. 15. Уларнинг саломатлиги ҳақида доимо қайғургин, Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўласан. Билиб қўй! 16. Ота-онангни сен учун қилган дуоси, доимо Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Сен ҳам уларни дуо қил, икки дунёда бахту саодатга эришасан”.
Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом ноиби