Ҳаммамизга маълумки, бу ойда Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига хусуматлашиш, уруш-жанжалашишни манъ қилиб қўйган.Шунинг учун, бу кунларда ўзимизга эҳтиёт бўлиб, тилимизга эҳтиёт бўлиб юрайликким, Парвардигорнинг буйруғига хилоф иш қилиб қолмайлик. Ҳар бир муборак ойларнинг ўзига яраша янада фазилатлироқ кунлари бўлади. Худди шунингдек, ушбу ойда ҳам фазилат жиҳатидан Рамазон кунларидан кейинги мақомда турувчи Ашуро кунидир. Ашуро сўзи арабчадан олинган бўлиб, луғатда “ўнинчи кун” деган маънони англатади. Муҳаррам ойининг 10-куни Ашуро деб номланади. Буйил 29августга тўғри келади. Ашуро куни нима жиҳатидан фазилати бунчалик даражада буюк бўлган? Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларидан бу саволнинг жавобини топамиз:
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари 6 ой сузиб юргандан кейин ашуро куни Жудий тепалигида тўхтади. Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг ҳамроҳлари ўша куни ҳаммалари рўза тутдилар. Ашуро куни Бани Исроил билан Мусо алайҳиссаломга Худои таоло Фиръавн дастидан нажот бериб, Нил дарёсини иккига бўлиб берди. Ашуро куни Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг тавбаларини қабул қилди. Ашуро куни Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан чиқдилар. Ашуро кунида Иброҳим алайҳиссалом туғилганлар”.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай дейди:
“Ким нафл рўза тутса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз рўза тутишингиз сиз учун яхшидир” (Бақара сураси, 184 оят)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз кечасидаги намоздир”
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим”, дейдилар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу.
“Бир киши келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Ё Расулаллоҳ, Рамазондан кейин қайси ойда рўза тутишлигимизни буюрасиз?” Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар Рамазондан кейин рўза тутишлик хоҳласангиз Муҳаррам ойида тутинглар, чунки у Аллоҳнинг ойи. У кунда Аллоҳ таоло бир қавмни тавбасини қабул қилган ва яна бошқа қавмларни ҳам тавбасини қабул қилаверади”, деб марҳамат қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар:
“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, бизларга бурилиб дедилар: “Ким саҳарлик қилиб рўза тутган бўлса, охиригача тутсин. Агар рўза тутмаган бўлса, бирор бир нарса емасин. Чунки бу кунда Мусо алйҳиссаломга Фиръавнинг дастидан нусрат берилди. Шунинг учун бу кунда яҳудийлар шукронасига рўза тутадилар. Аммо бизлар бунга ҳақлироқмиз”, дедилар.
“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламАшуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга буюрдилар. Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, бу кунни яҳудий ва насоролар улуғлайдилар”, дейишди. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон келаси йил бўлса, Худо хоҳласа, 9 – куннинг рўзасини ҳам тутамиз”, дедилар. Келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламвафот этдилар”.
Шундай экан, ушбу улуғ кунларни ғанимат билиб савобларга эга бўлайлик. Тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиб улкан ажр соҳибига айланайлик.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби