ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади.

Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ҳам ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда бўлади.

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда анчагина самарали ишлар олиб борилмоқда.

Давлат ва жамият бошқарувида ҳам, бизнесни тараққий эттиришда ҳам, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Шу боис бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг учун юртимизда жуда кўплаб диний ва дунёвий билим бериш масканлари фаолият юритмоқда. Бунга лицей, коллежлар, махсус гимназиялар, университет, институтлар, мадраса, олий махадларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу таълим даргоҳларида таълим кучайтирилган ҳолда олиб борилмоқда.

Бу ишларнинг биттаю битта мақсади хозирги илм-фан тараққий этаётган замонда фарзандларимиз яхши ўқиб, яхши таълим олиб юртига ота боболарига, Ватанига Аждодларига муносиб бўлишдир.

Илм ўрганиш Ислом динида улуғ ибодатлардан саналади. Инсон илм ўрганиш орқали Роббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган. Хоҳ диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади.

Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”.

Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди  шулар кабидир. Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир.

Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир.

Дархақиқат, ёшлар бизнинг келажагимиздир. Ёшларимиз келажакда яхши салоҳиятли, ўз ишининг мутахассиси бўлиб етишиб эл юрт равнақи, ватанимиз келажагига муносиб ҳисса  қўшадиган бўлишини Аллоҳдан сўраймиз.

Сўзимиз сўнгида шуни Аллоҳдан сўраб дуо қиламизки, илоҳим фарзандларимиз Ватанига, юртига муносиб бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг янада ривож топишига ўз ҳиссаларини қўшиб Ватанимизнинг Бухорий, Термизий, Марғилоний, Ибн Сино, Фарғоний каби аждодлари каби улуғ инсонлар бўлиб етишишларини Аллоҳ насиб этсин.

Сирдарё тумани “Ахмад ибн Малик”
жоме масжиди имом-хатиби
 Улуғбек ҚОБИЛОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan