Маънавий етук оила – маънавий юксак жамият таянчидир. Оила урф-одатлари, шажараси, анъаналари, ахлоқий-маънавий қадриятларни фарзандлар онгига сингдириш, ҳар бир кишини касб-ҳунар малакалари билан қуроллантириш маънавий баркамолликни тарбиялашнинг асосидир. Шундай экан, жойлардаги хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари, маҳаллаларда фаолият юритаётган оқсоқоллар кенгашлари олдида турган муҳим вазифалардан бири оила қадриятларига бағишланган суҳбатлар, конференциялар, мунозаралар, учрашувлар, оилавий байрамлар, китобхонликлар, санъат асарлари кўргазмалари, қўшиқ ва рақслар кўрик-танловлари ўтказиш, оилавий фольклёр этнографик ансамблларни ташкил этиш, тарихий жойларга саёҳатлар уюштириш мақсадга мувофиқдир.
Ислом дини халқнинг ижтимоий ҳаётига, хусусан, оилавий муносабатларига, маданияти ва миллий анъаналарига сингиб кетган, аммо бундан ўзбек халқининг қадимий, такрорланмас маданияти, жумладан, оилавий қадриятлари ислом динисиз мавжуд бўлмас эди, деган қараш келиб чиқмайди. Исломий маънавият манбаларида оила, оилавий муносабатлар ва оилавий тарбияга оид қарашлар тизими мавжуд бўлиб, у оиланинг шаклланиши, ривожланиши ва мустаҳкамланишига қаратилган барча жиҳатларни ўз ичига олади. Бу қарашлар илоҳиёт нуқтаи назаридан ўртага ташланса-да, улар кишиларнинг ҳаётий фаолиятлари, турмуш тарзлари, ижтимоий эҳтиёжлари, ниҳоят оилавий муносабатлари талабидан келиб чиққанлиги учун ҳам ақлга ва кундалик турмушга мувофиқ эди. Исломда оилавий тарбиянинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб ўтилади. Бу хусусиятлар мусулмончилик талабидан келиб чиққан, болани ахлоқий тарбиялаш ҳақидаги умумий ғоялар билан боғлиқ бўлиб, улар болани инсонийликка ва эзгуликка даъват этганлиги учун умуминсоний мазмунга эгадир. Бугунги кунда ота-оналар исломий маънавиятнинг ана шу умуминсоний мазмунини болалар шуурига сингдириб боришлари зарур.
Боёвут тумани “Абдухолиҳ
Ғиждувоний” жоме масжиди
имом-хатиби Қобилжон АСЛАНОВ