ПОКЛИК ИЙМОНДАНДИР

 Исломда поклик иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Яъни ҳар қандай ибодатнинг қабул бўлиши учун, аввало, банданинг қалби нияти пок бўлиши шарт.
Шунингдек, покликка эришиш ҳаракатини қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яҳши кўради» (Тавба сураси. 108-оят)
 Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда, пок кишиларни яҳши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарлидир.    Дунёдаги хар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту  наботот ҳам Аллоҳ тамонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган.
 Агар бу боғланиш бир оз бўлса хам бузилса инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни пок ва соф ҳолатда асраб-авайлашга қаттиқ харакат қилмоғи лозимдир. Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атроф муҳитга  ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт.  Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни  (Зориёт сураси 48-оятида) шундай билдириб қўйган: «Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз».  Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Қароргоҳини пок сақлашга ҳаракат қилиш  инсонийликнинг юксак чўққисидир. Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган, улардан бирида «Пайғамбар алайҳиссалом «Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз” дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор, масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик. Аллоҳ таоло тавба сураси 108-оятда шундай марҳамат қилган » Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир».
  Тозаликка риоя қилиш масаласига соғлиқни сақлашнинг муҳим омили сифатида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган.

Имом муслим Абу молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Поклик иймоннинг ярмидир» деганлар. Мусулмонлар оммаси ичида эса «Поклик иймондандир» деган ҳикмат кенг тарқалган. Бошқа бир ҳадисда эса: «Поклик кишини иймонга чақиради, иймон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир» деп марҳамат қилганлар. Зеро, Аллоҳ ўзи пок зот ва бандаларининг ҳам пок бўлишларини хуш кўради. Шундай экан, ислом дини ўзининг ҳарбир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади.

Сирдарё туман «Паҳтакор» жоме
масжиди имом хатиби
Баҳромжон ИСМАНОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan