Исломда фарзанд тарбияси

      Ислом дини ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам ёшлар тарбиясини қачондан бошлаш керак деган саволга, Исломда онасини (ёки отасини) танлашдан деб жавоб берилади. Яъни гўдак ҳали туғилмай туриб, у кимлардан дунёга келиши мумкинлигига эътибор берилади. Бўлажак она ёки ота бола тарбиясининг зоҳирий асосчиларидир. Чунки гўдак туғилганда соф ҳолда бўлади ва қайси муҳитда тарбия кўриб, ўсиб ўлғайса, ўша муҳитдан таъсирланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
    “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида (яъни соф табиатда) туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади”, – деб марҳамат қилганлар.
 Ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.
Диний қадриятларимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади.
   Буюк аждодимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”  деб айтилган.   Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан дунёга келадиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати олов (дўзах азоби)га олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.
 Дарҳақиқат Аллоҳнинг буйруқларини билмаслик ва қайтариқларидан қайтмаслик бу айни оқибати олов бўлган жоҳиллик ва нодонликдир. Жоҳиллик ва нодонликнинг кушандаси эса илм эгаллаш ва таълим-тарбия олишдир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг “Ўзингизга ва аҳлингизга  яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлари бунга яққол мисол бўла олади. 
 Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар.    Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган.
       Фарзанд тарбияси жараёнида бола ҳуқуқларининг камситилмаслиги талаб этилади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбияга нисбатан болаларнинг руҳий оламига, ҳиссиёти ва туйғуларига чуқур таъсир кўрсатади. Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деб жавоб берган. Яна шу сўзга қўшимча қилиб  таниқли педагог А.С.Макаренко беш ёшгача бўлган тарбия боланинг шахсияти шаклланишида ўта муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб ўтган. Бу ҳақда у шундай деб ёзган: “…тарбиянинг бош асоси беш ёшда ниҳоясига етади, демак, сиз беш ёшгача нима қилган бўлсангиз, бу тарбиявий жараённинг 90 фоизини ташкил этади, кейинги тарбия эса қайта тарбиялаш негизида давом этади”. Мана шу жараёнда бола тарбиясига ўта эътиборли бўлиш лозим. Ёшларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришда, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда буюк мутафаккир аждодларимиз мероси катта аҳамият касб этади. Зеро, ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етишга ўз умри ва салоҳиятини бағишлаган алломаларимизнинг асарларида соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ масалаларга алоҳида ўрин берилган.   Шарқ алломалари ўз асарларида фарзандларга тарбия ва таълим бериш, уни маърифату маданиятга етаклаш муаммоларига эътибор берганлар. Буюк мутафаккирлар фарзанд тарбияси, гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини таъкидлаганлар. Жумладан, Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарларида фарзандларга юксак инсоний фазилатларни камол топтириш тараннум этилган. Юртимиз уламолари ўз асарларида фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она, уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб бориши муҳим эканини алоҳида таъкидлаганлар:

– фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ ва камтар бўлишига эътибор қаратинг;
– одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга ана шу хислатларни болаликдан сингдириш пайида бўлинг;
– фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ўзгаларни менсимаслик, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муносабат кўрсатиш ҳам одобсизлик эканини уқтириб боринг;
– ёши улуғ кишилар, устозлар билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, буйруқларини сидқидилдан бажариш ҳам болалар қалбига жо қилишга эътибор беринг.
  Ота-боболармиз азалдан ўғил қизларнинг гўзал хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият берганлар. Бинобарин, ислом динида ҳам ахлоқ имон қаторига қўйилади.

     Бугун Ўзбекистон ёшлари билим заковатлари, интилишлари, меҳнат шижоатлари билан бутун дунёни ҳайратга сола бошладилар. Бунинг замирида давлатимиз раҳнамолигида ёшларга оила, таълим муассасалари, маҳалла ва кегн жамоатчилик томонидан бериладиган таълим-тарбия ётади. «Нимани эксанг шуни ўрасан» дейди доно халимиз. Шундай экан бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган имкониятлар, эртанги кунимиз порлоқ келажаги учун қўйилаётган тамал тошидир. Ёшлар тарбиясига эътибор, ўзимизнинг келажагимизга бўлган эътибор эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай харакат қилмоғимиз лозим.

                                     

Ховост тумани “Ҳазрат” жоме
масжиди имом-хатиби
Фозилхон АБРОРОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan