Инсон ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, улардан бири Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар. “Пайғамбарларнинг отаси” Иброҳим халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига дуо қилганликларини Аллоҳ таоло Ўзи Қуръони каримда баён қилган: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди” (Бақара сураси 126-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” , деб унинг ҳаққига дуо қилдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мана пайғамбар алайҳимуссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Чунки бу икки неъматдан бири ёки иккиси топилмаса, Ватанда тинчлик, фаровонлик ва бахт саодат йўқолади.
Инсон Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш лозим. Инсон ер юзини, айниқса яшаб турган Ватанини обод қилиши бурчи ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” , деб марҳамат қилган (Ҳуд сураси 61-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу хусусда: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” , деганлар (Имом Бухорий ривояти). Оят ва Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.
Инсон Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслиги шарт. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” , деб огоҳлантирган (Аъроф сураси 56-оят). Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” , деб айтганлар (Имом Термизий ривояти). Киши ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг улкан ва оғир гуноҳ ҳисобланади.
Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг устига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.
Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъвони қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлган айрим ватангадолар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилинмоқдалар.
Ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиш айни ислом таълимотига зид ишдир. Ал-Фокиҳий ўзининг “Макка хабарлари” асарида
ёзишича, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёни ўғирланади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига олиб борилганида, у ўз қилмишини ушбу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи эканлиги билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса, унинг содир этган ишини қоралаб, Маккага қайтишини ва ўз шаҳрида яшашини буюриб, “ҳижрат тўхтатилди!”, – дея таъкидлайдилар. Кишининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат – инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”, деб айтганлар.
Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деганлар.
Шундай экан, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, олиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни асрайлик.
Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби