ПОКЛИК-МЎМИННИНГ ЗИЙНАТИ

 

         Ислом динининг энг аввалги чақириқлари поклик ва озодаликка тарғиб қилувчи оятлар билан бошланади. Аллоҳ таоло ато этган бу табиат, тоғлар, боғлар, тошлар, анҳор ва куллар жуда гўзалдир. Бизлар эса улар устидан масъулдирмиз. “Албатта Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”. Поклик, озодалик гўзаллик ҳақида гап борганда биз кўпроқ инсоннинг руҳий маънавий поклигини эътиборга олишимиз зарур бўлади  
       Чунки бу исломнинг талаби. Ислом динитозалик дини, назофат дини. Покизалик эса-диннинг ярмидир. Ҳақиқатдан ҳам ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий-маънавий ҳам жисмоний поклашликка даъват этади. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом  ҳам  ҳадисларида: Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир деб марҳамат қилганлар. 
         Инсоннинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Агар қалб пок бўлса барча аъзолар покликка интилади, агар нопок бўлса барча аъзолардан нопок амаллар содир бўлади. қалб поклиги борасида аллома Имом Ғаззолий раҳматуллоҳ алайҳ шундай деганлар: “Киши зоҳирий нажосатлардан сақланиши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан муҳимроқдир. Чунки ботиний ифлосликлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гуё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди”. Фаришталар қандай қилиб бундай маконда қўним топсинлар! 
         Бир киши сочлари тўзиган, соқоллари патак бўлиб кетган ҳолда Расулуллоҳ алайҳиссалом нинг ҳузурларига кириб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом  унга: “Соч-соқолингни тартибга келтиргин” деб ишора қилдилар. У киши соч-соқолини тараб келганидан сўнг Расулуллоҳ  у  кишига: “Шайтонга ўхшаб юрганингдан кўра бу кўринишинг яхшироқ эмасми” дедилар. Бошқа бир кишини кийимлари кир-чир эканлигини кўриб: “Нима бу киши кийимларини ювадиган нарса топа олмадими” дедилар.  Ибн Можа ривояти. 
         Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақл-идрок бахш этган. Ақлли хушёр инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш, ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади. 
         Чунки инсон ҳаётининг табиат билан чамбарчас боғлиқлигини, табиатнинг зарарланиши инсон ва унинг ҳаёти учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳар биримиз яхши англаб етмоғимиз лозим. Мусулмон киши ўзи яшаб турган гўшасини озода сақлаши озодалик, покликка риоя  қилиш мусулмончиликнинг белгисидир. Бу мўмин кишининг нафақат ибодати балки юриш-туриши, кийиниши, ейиши-ичиши одобида ҳам дастурул амал бўлмоғи лозим демакдир. 
         Аллоҳ таоло қуръони  каримда марҳамат қиладики “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки биз ёғдирувчимизми? Агар биз ҳоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас шу оби-ҳаёт учун ҳам шукур қилмайсизми!” (Воқеа сураси. 68-70-оят). 
         Ислом динида сувнинг исроф қилинишини ва уни ортиқча ишлатишни ҳаром қилади. Сувни  инсонлар, ҳайвонот ва наботот ҳамда қушлар ичиши учун сақлаш Аллоҳ таолонинг марҳаматига сазовор бўлувчи ишлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси табиатни муҳофаза қилишга оид қонунлар учун асос  қилиб олинган. Ана шу моддасига  мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат  мухофазасидадир. 
          Шу қоидаларга амал қилиб ўзимизни ва атроф-муҳитимизни моддий ва маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёмиз саодатли бўлади иншааллоҳ.
         Динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида инсоннинг саломатлиги ётади. Шу муносабат билан барчамиз яшаш жойларимизнинг ободлиги ва тозалиги йўлида биргаликда курашмоғимиз лозим.

Сайхунобод тумани
“Мулла Негмурод” жоме масжиди
имом ҳатиби Ғоибов Муҳаммад

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.