Раззоқу зул жалол ҳар бир мавжудотни халқ қилиб, албатта, уни ўз ризқи билан яратгандир. Кимгадир кам, кимгадир кўп. Бу Парвардигори оламнинг ҳикматидир. Нимага унга кўп менга кам, нима учун сенга кенг, унга тор деб айтиб бўлмайди, чунки, бундай дейиш Аллоҳ таолонинг ишига аралашиш бўлади. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига яхшиликни хоҳлайди, енгилликни истайди, шунинг учун кимга қанча миқдорда ризқ берилган бўлса, демак ўшанча ризқ миқдори у учун хайрлидир.
“Ким Аллоҳ таолога тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур” Талоқ сураси, 2-3 оятлар.
“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур” Талоқ сураси,7 оят.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ким Аллоҳ таолога кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло уни ғамини кетказиб, ризқининг торлигини кенг қилиб қўяди”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Ким сахийлик қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ризқини кенг қилиб беради. Ва кимики бахиллик қилса, унинг ризқини тор қилиб қўяди”.
Бу ҳадиснинг замирида бахилликдан сақланишликка ишорат борким, албатта, бахиллик ризқнинг бебарака бўлишига сабабдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Яхшилик ва садақалар билан ризқу насибангизни Аллоҳ таолонинг даргоҳидан тилаб олинглар”.
Эрта тонгда, бомдод намози вақтида кўп яхшилик ва баракотлар бор. Бу вақт муборак вақтдир. Унда неъматлар зиёда ва мўл-кўл қилиб берилади. Хусусан, инсон дуоларини шу соатларда талаб қилса, шубҳасиз дуоси ижобат бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зуҳо намозининг фазилатлари ичида ризқ барокатли бўлишига ҳам башорат қилганлар.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби