Инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади. Халқимиз маънавият ва маданият, таълим ва тарбияга оид бой меросга эга бўлиб, асрлар мобайнида ёш авлодга инсонпарварлик, ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, биродарлик ва камтарлик каби умуминсоний фазилатларни ҳар томонлама чуқур сингдириб келган.
Ёшларимизда турли ахборот хуружлари, маънавиятимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришда уларни ёшлигиданоқ буюк алломаларимиз ҳаёти, инсоний фазилатлари ва илмий меросларидан ибрат олишга ўргатиш, халқимизнинг миллий маънавияти, оила қадриятлари асосида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳар қайси давлатнинг ёшлари унинг эртанги кунини, тақдирини белгиловчи куч саналади. Шундай экан, мафкуравий иммунитет ёшларнинг маънавий тарбиясида ҳал қилувчи мезон эканини назарда тутиб иш олиб боришимиз зарур.
Кўринадики, маънавият-инсонни руҳий покликка етаклайдиган, қалбини иймон-эътиқод нурлари билан чароғон қиладиган ва юксалтирадиган мезон. Инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг моддий бойликлари билан эмас, балки юксак маънавий қиёфаси билан белгиланади.
Маънавият-аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғловчи кўприк вазифасини бажаради. У ота-боболаримиз тўплаган жамики яхши фазилатлар ва хислатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, аждодларимиз тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба ва барча қарашларни ўзида мужассам этади.
Маълумки, халқимиз тарихининг буюклиги, аввало, маънавияти ва маърифатининг юксаклиги билан белгиланади. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз инсоният тараққиётига, хусусан, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига улкан ҳисса қўшган. Темурийлар, Бобурийлар томонидан яратилган буюк салтанатлар, улар раҳнамолигида барпо этилган муҳташам тарихий обидалар бугун ҳам халқимиз даҳосининг ёрқин намуналари сифатида дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.
Комилжон МУРАТОВ
Мирзаобод тумани “Абу Дардо”
жоме масжиди имом-хатиби.