Террор ХХ асрнинг охири ва ХХI асрнинг аввалига келиб оламшумул муаммога айланди. Бу бало жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Энди жаҳон уруши, ядро ҳалокати хавфи ҳақида гаплар қолиб ҳамма террор ва унинг хавф – хатари ҳақида гапирадиган бўлиб қолди. Кўпчилик иттифоқ бўлиб террорнинг дини, ирқи ва миллати бўлмайди ҳамма бу офатга қарши биргаликда курашиш лозимлигини таъкидлаб, авваллари бўлмаган бу нарсани таърифлашга ҳам ҳаракат қилинди. Террорнинг таърифида бир қарорга келинмаган бўлса ҳам террорни ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиши террор деб аталди. Террористларнинг кўпчилиги ислом динини ниқоб қилганликлари сабабли бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади деган савол пайдо бўлди. Албатта, Қуръон ва Суннатда қиёматга қадар қандай масала бўлмасин ечим, жавоблар тайёр. Террористлар бегуноҳ одамларнинг ўлимига, мол мулклари зое бўлишига, шарафларига путур етишига, халқлар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашишига, дунёда хавф – хатар бардавом бўлишига ва шу каби кўпгина инсониятга зарар келтириш билан шуғулланади. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт – саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир.
Террорнинг бош зарари бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўзи бу илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ – ойдин кўрсатиб беради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, – деган. (Моида сураси, 32-оят).
Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур”, – дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди. Ҳадиси шарифда “муъоҳид” – аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам “жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди”. Жаннатга кириш, ундаги хушбўй мушку-анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин жаннатнинг умумий ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундай жиноят қилган одам жаннатда қирқ йиллик йўл юриш масофасидан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки, Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур”.
Динимиз таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун яратган зот олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки бошқа дин вакили бўлишидан қатъий назар, барчага эзгулик улашиши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди”. (Бақара сураси, 205-оят).
Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай” (Юнус сураси, 81-оят).
Ер юзининг турли бурчакларида гуноҳсиз одамларни ўлдириш, террор ҳолатларининг саноғига етиб бўлмай қолди. Сунъий равишда пайдо қилинган тўқнашувлар бир мамлакат ёки миллат ичида қонли тўқнашувларга олиб келаяпти, одамларнинг қони ва кўз ёши беҳисоб тўкилмоқда. Мутлақо аниқки, барча кулфат ҳамда кўнгилсизликларнинг заминида том маънода Худодан қўрқишнинг ва иймон-эътиқоднинг йўқлиги ётибди, негаки у ёки бу диннинг номидан амалга оширилаётган бўлишига қарамай, чин эътиқод ва иймоннинг қон тўкилиши ҳолатларига асло алоқаси йўқ. Эътиқодсизликда улғайган жамият Аллоҳ таолонинг жазолашидан қўрқмайди, Парвардигорнинг ҳисоб-китоб кунида ҳар бир киши дунё ҳаётида қилган амаллари учун жавоб беришига ва ҳар бир киши амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонмайди. Ўз динларининг асл моҳиятидан бехабарлар ҳар қандай шафқатсизлик ва золимлик, бузғунчилик ва ёвузликка қодирлар. Чунки уларни ҳеч нарса тўхтата олмайди. Мусулмон – бутун оламлар Парвардигорининг амр-фармонларига бўйсунувчи, Қуръони карим кўрсатмаларига оғишмай амал қилувчи, дунёни обод ва кўркам этувчи, унинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги-осойишталиги йўлида холис хизмат қилувчи кишидир. Мусулмоннинг мақсади барча инсонлар манфаати йўлида эзгу амаллар қилиш. Аллоҳ таоло Қасос сурасида иймон эгаларига шундай буюради: “Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”. (Қасос сураси 77-оят)
Исломни қабул қилган кишининг мақсади – Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ йўлдаги бандаларига ато этадиган розилигига, меҳрибонлигига ва абадий жаннатга мушарраф бўлиш. Лекин бунга етишмоқ учун мусулмон киши Парвардигорига хизмат йўлида катта тиришқоқлик ва қатъият намойиш қилиши, ўз қалбида Аллоҳ таолога мақбул бўладиган ахлоқий сифатларни тарбиялаши керак бўлади.
Абдуғаффор МУҲАММАДИЕВ
Ховос тумани бош имом-хатиби