Илм олиш ва ҳунар ўрганиш фазилати.

Илм олий даражадаги мақом саналади. Ислом дини келишидан олдинги давр жоҳилият даври дейилади. Ислом дини айнан ана шу илмсизликни бартараф қилишга катта эътибор деради. Динимизда илмга берилган эътибор бирор бир бошқа динда бунчалик аҳамият берилмаган. Зеро, Қуръони каримда биргина “илм” сўзига таъллуқли 800 дан ортиқ оятлар бор.

Илм ва ҳунар ўрганиш инсон боласи учун энг зарур амаллардан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир нарсанинг моҳиятини англаш, дунёда юз бераётган воқеаларнинг яхши-ёмон томонини таҳлил қилиш, амалларнинг гуноҳ-савобини, ҳукмларнинг ҳалол-ҳаромини ажратиш, одамларнинг қадру қийматини тўғри тушуниш, оиланинг масъулиятини ҳис этиш, қисқаси, ҳар томонлама камолотга эришиш учун илм ва ҳунар эгаллаш зарурий эҳтиёждир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг нозил қилган биринчи бешта ояти ҳам айнан илмга тарғиб билан бошланади.

Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деб айтган (Зумар, 9).

Яна Аллоҳ таоло айтади: “Бандалари орасида Аллоҳдан олимларгина қўрқарлар” (Фотир, 28).

Демак, илм инсонни камолотга етаклайди, мартабасини юқори қилади,  жоҳил кимсалардан бўлиб қолмайди, энг асосийси ҳозирги кунда ҳар қандай бемазҳаб, ақидаси бузуқ кимсаларга эргашмайди. Зеро, тажрибадан кўриб турибмизки, четда туриб олиб ёшларни миясини захарлаётган, жиҳод, ҳижрат каби даъватлар билан ижтимоий тармоқларда чиқиш қилаётган баъзи бир бузғунчилар домига айнан илмсизлик оқибатида ёшларимиз қўшилиб қолмоқдалар. Шунинг учун ҳам инсон илм аҳли бўлса, бундай ёт ғояларга эргашмайдилар.

       “Илм” сўзи – билмоқ, ўқимоқ, танимоқ каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “илм-бир нарсани воқеликда қандай бўлса шундай идрок қилиш тушунилади.

Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади:

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: “Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир”. Маълумки, Пайғамбарлардан мол дунё ва бойликлар қолмаган, балки улардан фақатгина илм қолган. Ана шундай илмга меросхўр бўлиш олий саодатдур.

Ҳаким зотлар илм фазилати  ҳақида шундай дейдилар:

Илм бу дунё учун иззат, Охират учун шарафдур.

Илм –имомдур, амал эса унга эргашувчидир.

Илм- қалб учун ҳаёт, ақлларнинг нуридир.

Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди:

Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким? Аллоҳ айтди:

“Илм талаб қилувчи олим”.

Демак, ҳар бир касб эгаси учун илм керак, илмсиз бирор бир касбни эгаси бўлолмаймиз. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак, бир муҳандис бўлиш учун ҳам илм керак, оддий хайдовчи, деҳқон ёки уста бўлиш учун ҳам илм керак.

Илм эгаси ҳеч қачон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўлмайди. Шунинг учун ҳар биримиз илм олишга, китоб ўқишга рағбат қилсак, фарзандларимизни ҳам илмли, ақлли, одобли бўлишлари учун албатта илм олишга, китоб ўқишга тарғиб қилсак, иншааллоҳ фарзандларимиз ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайдилар.

Интернет сахифаларида диний мазмундаги маърузалар, даъватлар, фатво берувчи “олимлар” ниҳоятда кўп. Афсуски, баъзи ёшларимиз илмсизликлари сабаб шундай маърузаларни эшитиб, уларнинг фатволарига эргашиб қолмоқдалар. Агар шу ёшларимиз илмли бўлганларида бундай сохта “олимлар”га эргашмаган бўларди.

Яқинда С. Самарқандий деган ватандошимиз қилган чиқишларида, бадандан чиққан қон таҳоратни синдирмайди, деб фатво берворди. Баъзи ёшлар демак бадандан қон чиқса тахорат синмас эканда деб, ишониб қолишди. Ваҳоланки бизнинг мўътабар ҳанафийлик мазҳабида бадандан чиққан қон таҳоратни синдиради дейилган ва унга ишончли далиллар ҳам келтирганлар.

Шундай экан, ҳозирги кунда илм олиш учун барча шароитлар бор экан, вақтдан унумли фойдаланиб, фойдали илм билан машғул бўлиш керак. Зеро вақт, қилич каби, агар сен уни кесмасанг, вақт сени кесади.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “Ахмад Яссавий”
жоме масжиди имом хатиби.

 

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan