МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

Аллоҳ талога шукрлар бўлсинким биз Ислом умматига Рамазон ойида минг ойдан афзал кечани ато этди. Бу кечанинг номи Қадр бўлиб Қуръони карим нозил булган кечадир.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта Биз уни (Қуръонни Лавҳул-маҳфуздан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни билан барча ишларни олиб (осмондан Ерга) тушарлар” (Қадр сураси, 1-5-оятлар). Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада:  “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…”. (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирмайдиган заиф ҳолда чиқади”,деганлар. Қадр сўзининг маъноси қадри улуғ ва миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда.

Аллоҳ таоло мазкур сурада «Қадр кечаси» нинг даражасини баланд қилди. Чунки бу кечада Қуръони карим нозил бўлган. Бу кечанинг улуғлиги ҳақида Абу Лайс Самарқандий тафсирида шундай дейилган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Инсонларнинг амалларини кўряпман”, дедилар. Гўё у зотга умматларининг умрлари қисқа, шу сабабли уларнинг амаллари олдин ўтган пайғамбарлар умматларининг амаллари даражасига етмаётгандек туюлди. Шу боис Аллоҳ таоло у зот ва умматларига “Қадр кечасини берди”. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой хизмат қилиб юрганини айтдилар. Мусулмонлар бундан роса ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло Қадр суранинг дастлабки уч оятини туширди”(Ибн Жарир ривояти).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсиридан).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Лайлатул-Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар (Муслим, Бухорий, Термизий ривояти).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охирги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Йигирма биринчи ёки йигирма учунчи ёки йигирма бешинчи ёки йигирма еттинчи ёхуд йигирма тўққизинчи ё охирги кеча Қадр кечасидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунинг учун Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида кўпроқ тоат-ибодат қилиш лозим бўлади. Бу ҳақда Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.

Рамазон ойидаги Қадр кечаси  минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул-мунтаҳодан ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб “омин” деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада яна кейинги йил учун бўлажак Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан ҳам ер юзига тушишади. Замахшарий (раҳматуллоҳ алайҳ) айтади: “Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир”. Духон сурасининг 4-оятида: Аллоҳ таоло “…У (муборак кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур…” деб марҳамат қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади”, деганлар. Улар Аллоҳ азза ва жалла изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди. Қадр кечаси тонг отгунига қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик, барака кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди. Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда асло ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан то тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан ерга тушишади.

Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлишимиз керак. Қадр кечасининг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз, вабо туфайли карантинда бўлганларга муруват кўрсатишимиз, сув офатидан талофат кўрганларга саховат ва кўмак беришимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ушбу кечани муборак айласин, уни комил ибодатлар, мустаҳкам тақво ва чин ихлос билан қаршилаш, уни оят ва ҳадисларда кўрсатилганидай ўтказиш насиб этсин, Диёримизни арозий ва самовий офату балолардан асрасин. Амийн!

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имоми-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan