Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши мамлакатда карантин ўрнатилган бир вақтда Рамазон ойи қандай ўтиши юзасидан фатво бергани ва бу ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг телевидение орқали халққа қилган мурожаатлари хозирги синов даврида ўз вақтида чиқарилган фатво бўлди ва бу мурожаат халқимиз томонидан тўғри қарор дея эътироф этилди.
Мусулмонлари идораси баёнотида Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари тавсия қилинди. Шу билан бирга Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари онлайн хатми Қуръонлари ўтказилишини маълум қилиб шундай дедилар:
-“Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин”.
Муфтий ҳазратлари барча мусулмонлар қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштириши карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини эслатиб ўтдилар.
Албатта халқимиз бу фатвога амал қилиб, Рамазон ойида ҳам карантин қоидаларига риоя қилишлари лозимдир. Бу билан ҳам ибодатнинг ажрига ва ҳам раҳбарларга итоатнинг ажрига эришамиз иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло бу балони бутун инсониятдан, шу қаторида юртимиздан ҳам Ўзи кўтарсин ва беморларимизга шифо берсин! Келаётган Муборак Рамазон ойи юртимизга яхшилик ва барокотлар ойи бўлсин!
Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом хатиби.