Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Бобур кенг дунёқараши ва ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоят мураккаблашган гуруҳларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари авжига чиққан ва Темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бундай мураккабликларни «Бобурнома»да кўрган бўлсак, шоир руҳиятида қандай акс этгани эса, унинг шеърларида намоён бўлади. Мовароуннаҳрни бирлаштиришга уринишлари натижа бермагач, Бобур руҳан қийналган, амалдорларнинг хиёнатлари таъсирида умидсизликка тушган кезлардаги кайфияти шеърларида акс этган. Кейинчалик ўз юртини тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонга юз тутганда Бобур шеъриятида Ватан туйғуси, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади.
Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Бобур ўз шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақирди:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.
Бобур тарихий «Бобурнома»сидан ташқари, ислом қонуншунослиги ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратган. Ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган «Мубаййин» номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. «Хатти Бобурий» деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У тажриба сифатида «Хатти Бобурий» алифбосида Қуръони Каримни кўчирган. Бобурнинг аруз вазни ва қофия масалаларига бағишланган «Муфассал» номли асари ҳам бўлганлиги маълум, тарихчилар бу асар бизгача етиб келмаганини ёзишади. Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган шахсдир.
Халилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби