Фарзанд неъматлар ичида энг улуғларидан биридир. Фарзанд наслу насаб давомчиси, жаннат райҳонларидир. Оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота онасига раҳмат ва бахту хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлсачи Аллоҳ ундан сақласин.
Хотиржам ва осуда ҳаёт кечираётган ёшларга диққат билан разм солиб кўрсангиз, албатта унинг отаси солиҳ одам эканлиги аниқ бўлиб чиқади.
Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасининг 82-оятида марҳамат қилиб шундай дейди: “…. Уларнинг оталари солиҳ одам эди….”
Агар ота яхши бўлса, у холда унинг фойдасини бу дунёнинг ўзидаёқ кўра бошлайди. Юқоридаги Каҳф сурасининг 82-оятини Ибн Касир тафсирида келишича, Мусо алайҳиссалом ва Хизр алайҳиссаломлар икки етим боланинг йиқилиб кетай деб турган деворини қайта янгилаб беришди. Унинг ҳикмати нимада. Нима учун икки Пайғамбар бу болалар хизматига келишди десангиз, жавоби шуки , “…. Уларнинг оталари солиҳ одам эди ….” дейилмоқда.
Тафсирни шарҳига эътибор берилса, инсонни тафаккур этишга, ўзини ўнглаб олишга чорлайдиган башорат бордир.
Тафсирда келган “Оталари солиҳ эди” дегандан мурод, у етим боланинг юқоридан еттинчи оталари экани маълум бўлмоқда.
Инсон агар яхши бўлса, унинг самарасини, мукофоту манфаатини нафақат ўзи, балки етти пушт остидаги фарзандлари ҳам кўрар экан.
Имом Ғаззолий: айтадилар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар”.
“Агар бандам гуноҳда бардавом бўлса ғазаб қиламан. Кимдан ғазаблансам, уни лаънатлайман. Агар мен кимни лаънатласам менинг лаънатим унинг еттинчи боласига ҳам бориб етади” дейди.
Доктор Набил Ал-Авазий айтади: “Менда нафл ибодатларни адо этишга сусткашлик ва ялқовлик бўла бошласа, фарзандларим ва дунёнинг маюсликлари ёдимга тушади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тунда нафлларни адо этаётганларида ёнларида кичкина фарзандларини ухлаётганини кўриб: “Эй ўғилчам бу сенинг ёрқин келажагинг учун” дер эдилар ва йиғлаганча: “ …Уларнинг оталари солиҳ одам эди ...” (Каҳф – 82) оятини тиловат қилар эдилар.
Ҳар бир шахснинг орзуси бўладики унинг фарзандлари яхши ва итоаткор бўлса, лекин фақат хоҳишлар билан ҳеч нарса бўлмайди. Бунинг учун эса ўзи ҳам яхши ва солиҳ бўлиши шартдир. Фарзандларимиз бахтиёр ҳаёт кечириши ва дунёдаги маюсликлардан қутқаришнинг энг муҳим бир чораси, ўзимизнинг солиҳ ва яхши бўлишимиздир.
Албатта, фарзандларимизни солиҳ бўлишларини хоҳлар эканмиз аввало ўзимизни ислоҳ қилайлик. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизни бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд қилиб, солиҳ амалларда давомли бўлишимизни насибу рўз айласин! Омин.
Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани “ Ахмад ибн Малик”
жоме мажиди имом хатиби