Туҳматнинг гуноҳи оғир

Халқимиз туҳмат тошни ёради, тошни ёрмаса, бошни ёради, деб бежизга айтмаган. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда хусумат, бўҳтон, ғийбат, фитна, ҳасад, туҳмат энг оғир иллатлардан саналади. Кимнингдир хусумати туфайли айбсиз одамнинг асаблари қақшайди, юраги сиқилади, ҳаловати йўқолади, уйқуси қочади, фароғати бузилади. Бундай иллатлар одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини бузиш билан бирга жамият ҳаётига соя ташлаши билан ҳам ўта хавфлидир.
Туҳмат – мусулмон киши ҳақида бошқа бир мусулмонда нафрат уйғотадиган нарсаларни айтиб, унда йўқ айбларни унга тўнкашдир. Туҳматчи бу разил қилмиши билан Аллоҳ таоло тўғрилаб изга солиб қўйган нарсага путур етказади. Нафақат путур етказади, балки Аллоҳ таоло билан ўзининг ўртасидаги риштани узади. Бу нарса шунинг учун ҳам катта гуноҳлар сарасига киради. Бу ёмонлик кетидан ёмонликни, гуноҳ кетидан гуноҳни туғдираверади.
Аллоҳ таоло қурони каримни “Нур” сурсининг 23-24-оятида «Албатта, (бўзуқ ниятлардан) бехабар, поқиза, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл-оёклари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» деб марҳамат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: бузуқ ниятлардан ғофил, покиза, мўъмина аёлларга туҳмат қилишни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).
Туҳмат ўзаро муносабатларнинг ёмон томонга оғиб кетишига, бунинг орқасидан кўплаб уруш-жанжаллар, келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлади. Шариатда ҳам дунёвий қонунчиликда ҳам туҳмат қилган шахсга жазо жорий қилинганидан туҳматчининг икки дунёда оқибати ёмон бўлишини билиш мумкин.

Кенжабек УРМАМАТОВ
Сардоба тумани «Имоми Аъзам»
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.