Мавлиди шарифни байрам қилиб нишонлашни бидаът ва ҳаром деб иддао қиладиган сохта салафийларга раддия улароқ бизни Аҳли суннат вал жамоа уламоларимизни фикрларини келтириб ӯтамиз.
Мавлид шарифни ўтказиш борасида уламолар томонидан турли хил фикрлар билдирилган. Қуйида ушбу фикрлардан мисоллар келтирамиз.
Имом Суютий: “Менинг наздимда, инсонлар тўпланиб, Қуръондан имкон қадар тиловат қилиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлари ҳақида ҳикоя қилувчи ва у зотнинг туғилиш кунларида содир бўлган мўжизалар ҳақида сўзлашишлари сўнгра дастурхон тузатиб таомлардан тановул қилишлари мақталган бидъатлардан бўлиб, уни қилган кишилар савоб оладилар. Чунки бу ишларда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қадрларини улуғлаш ва хурсандчиликни зоҳир қилиш ҳамда у зотнинг туғилган кунлари билан хушхабар бериш бордир.”
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Мавлиди шарифни ўтказиш дастлабки уч асрда яшаб ўтган салаф солиҳлардан нақл қилинмаган. Бироқ мавлиди шарифни қасд қилган инсон шариатда ман қилинган ишлардан четда бўлиб, бу ишларни амалга оширса мақталган бидъатни қилиб, бу ишига савоб олади».
Шайх Муҳаммад Шозилий Найфар (Тунисдаги “Жомеъул аъзам” шайхи): “Ибн Ҳажар ва Суютийнинг юқорида айтган сўзларига қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло ўзининг муҳаббатидан кейин Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га муҳаббат қўйишни бизларга вожиб қилди. Шу сабабли Расулуллоҳга тааллуқли бўладиган барча нарсани эҳтиром қилишимиз лозим бўлади.
Доктор Юсуф Қаразовий: “Биз инкор қиладиган байрамлар, уларга мункар нарсалар аралашган, шариатга мухолиф бўлган ишлар қўшилиб кетган ва Аллоҳ таоло буюрмаган нарсалардан иборатдир. Аммо ушбу ойни ғанимат билиб, унда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари ва шахсиятлари нақадар буюклигини ёдга олсак бунда қандай бидъат ёки залолат бўлсин.”
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллуд кунларини ёдга олиб, нишонланадиган байрам ундан яхшилик умид қилинадиган ишлардан ҳисобланади. Бу худди олдинлари мавжуд бўлмаган ҳозирги замонда ўтказиладиган диний анжуман ва йиғинларга ўхшаб кетади. Шу сабабли ҳозирги кунда ўтказиладиган диний анжуман ва йиғилишларга бидъат таърифини бериб бўлмаганидек, мавлиди шарифни нишонлашга ҳам бидъат таърифини бериш тўғри бўлмайди. Бироқ ушбу нишонлаш номуносиб ишлардан ҳоли бўлмоқлиги лозим бўлади.”
Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душанба куни рўза тутишлари сўралганида у зот: «У шундай кундирки, унда туғилдим ва унда пайғамбар қилиб юборилдим», деб марҳамат қилдилар».
Ушбу ҳадиси шарифдаги ذاك يوم калимаси икки нарсага далолат қилади: биринчиси – у зотнинг туғилган кунлари исмига, у ҳам бўлса, ҳар ҳафта такрорланадиган душанба куни; иккинчиси – ҳар йил у кишининг туғилган кунларига тўғри келадиган 12-рабиъул аввал кунига.
Шундай экан бизлар Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи вассалламни мавлидларини сийратларини ӯрганиб эслашлигимиз жоиз экан.
Барчамизга у кишини шафоатларини насиб қилсин.
Абдурауф домла Ёрбеков
«Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом- хатиби.