Беозорлик – бу бойлик

Аллоҳ таоло  инсонни маънавий камолот даражасига етишида лозим бўлган гўзал тартиб, одоб-ахлоққа доир барча йўл-йўриқларни алоҳида баён қилган. Мана шундай чиройли одоблардан бири ҳилм, яъни юмшоқлик, беозорлик, меҳрибонлик сифати бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд ўрнида зикр этилган. Уламолар  ҳалимлик фазилати ҳақида сўз юритиб, уни инсон ғазаб отига минган вақтда виқорли бўлиш ва меҳрибонлик кўрсатиш ҳолати деб таърифлашган.
Инсоний гўзал одоб-ахлоқлар тўғрисида илмий баҳс юритувчи баъзи тадқиқотчилар ҳилм, юмшоқ кўнгилли одам ўзини одоб доирасида ушлаши, ғазабини жиловлаши, деб айтишади. Зеро, жаҳл қувватини ақл-идрок ҳукмига бўйинсундириш билан ҳалимлик вужудга келади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:
“Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, – деб таъкидлаган.(Оли Имрон сураси 134-оят)
Ҳалимлик яхши фазилат бўлиб, инсоннинг ақл камолотига ва ғазаб қувватини синдиришга далолат қилади. Қуръони каримнинг бир қатор сураларида Аллоҳ таолонинг Ҳалимлик сифати билан тавсифланиши ҳам ҳалимлик нақадар улуғ даража эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг бир неча оятида айтади:
“Билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир”. (Бақара сураси 235-оят)
“(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир”.(Бақара сураси 263-оят)
Ҳудди шундай маънодаги оятлар Оли-Имрон, Нисо, Моида, Ҳаж, Исро каби сураларда ҳам келади.
Ҳалимлик, юмшоқлик пайғамбарлар ва пайғамбарликнинг энг улуғ ахлоқларидан бири эканини қуйидаги ояти карималарда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло пайғамбарлар отаси Иброҳим (а.с.) хулқи ҳақида “Тавба” сурасининг 114-оятида айтади:
“Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.
Маълумки, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга олий даражадаги намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси эканлари барчамизга яхши маълум.

Аллоҳ таоло ана шу юксак ахлоқ даражасида бўлган ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)га берган буюк ахлоқий сифатлар тўғрисида хабар бериб бундай дейди:
“Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…”.(Оли имрон сураси 159- оят)
Аллоҳ таоло Пайғамбар Муҳаммад (а.с.)ни ҳалимликда олий мақом этиб, у Зотга эргашган барча умматларини ҳам фахри коинот йўлларидан, суннатларидан боришни ирода қилди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида умматларнинг энг яхшилари ҳақида хабар бериб, бундай дейди:
 “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”.
Ҳасан Басрий ушбу ояти карима ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, яъни ҳалимлик қиладилар”, – деган.
Демак, ҳалимлик ва беозорлик энг улуғ одоблар жумласидан эканини билдик. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, беозорлик одобларига амал қилиб ҳаёт кечиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин олиб, Пайғамбаримиз (а.с.)нинг чин умматлари жумласидан бўламиз.

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan