Умра сўзи луғатда “зиёрат қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “махсус шартлар билан Байтуллоҳни зиёрат қилиш умра дейилади”.
Умра ибодати Қуръони каримда ҳаж ибодати билан бирга зикр қилинган: “Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг” (Бақара сураси, 196-оят).
Юртимиз мустақилликка эришгач, ҳаж ва умра ибодатига кенг йўл очилди.Аммо зиёратга бориш орзусидагилар жуда кўп, ажратилган ўринлар сони етарли эмас эди.Шу сабаб юртдошларимиз узоқ йиллар навбат кутиб туришга мажбур эдилар.
Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ушбу муаммони ҳал этиш бўйича амалга оширган ишлари натижасида ҳаж, умра учун ажратмалар сони кескин оширилди, зиёратчиларга кенг имкониятлар яратилди.
Яқингинада юртимиз бўйлаб тарқаган хушхабар – давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига қилаётган ташрифлари ва бу ташриф давомида муборак умра амалини адо этишликлари хабари бутун халқимиз қатори бизни ҳам руҳлантириб, хушнуд этди.
Чунки умра амалини адо қилиш бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари бўлиб, Каъбани тавоб қилиш, ҳажарул асвадни ўпиш, у жойларда ибодат қилиб, дуо қилиш Аллоҳ тaoлo суйган бандаларига насиб этадиган яхшиликдир.
Бундай яхшиликнинг давлатимиз раҳбарига насиб этгани, муқаддас манзил- маконларда бутун Ўзбекистон халқи, юрт равнақи учун дуо қилишлари нақадар шараф.Илоҳим, эиёратларини даргоҳига қабул этсин.
Ҳа, Ислом бандаларни яхшиликка чорловчи, нақадар улуғ ва мукаммал диндир.Мустақиллик бизга мана шундай неъматни қайтариб берди, иншааАллоҳ.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси