Аллоҳ таоло инсонларни мавжудотлар ичида энг мукаррами этиб яратиб, унинг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини беришни ўз кафолатига олган. Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтаради ва унинг ёмон оқибатини ҳам баён этиб беради. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Жумладан: «Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз. Ва енглар, ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар. Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди».
Ушбу оятдан маълум бўладики, ейиш, ичишда ва кийинишда ҳам исрофга йўл қўймаслик керак. Чунки исрофгарлар Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрумдирлар.
Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан:
“Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”
Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, – деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Демак, юқорида зикр этилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно-мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, ҳар бир-биримиз меъёрдан ташқари харажат қилишдан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан сақланишимиз лозим бўлади. Чунки, исроф фақат марака-маросимларни тежамсиз ўтказишгина эмас, балки вақтни, умрни бепарво, бесамар ўтказиш ҳам катта исрофдир. Фойдасиз ишлар билан машғул бўлиш, куч-қувват ва салоҳиятни юрт манфаати йўлида ишлатмаслик, соғлик қадрига етмаслик кабилар ҳам исрофдир. Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда маълум даражада исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли, қанча-қанча оилалар арзимаган «қилди-қилмади», деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти.
Демак, ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмайлик. Яна шу нарсани ҳам таъкидлаб ўтмоқчимизки,азизлар,алҳамдулиллаҳ, Яратганга ҳамду санолар бўлсинки, бизнинг халқимиз меҳмондўст, саховатли халқдир. Урф-одатимизга кўра ўтказиладиган диний ва миллий маросимларимиз жуда кўп. Лекин афсуски, бу маросимларни ўтказиш асносида ортиқча такаллуф ва исрофгарчиликларга йўқ қўйилади. Ошу нонлар ортиқча тайёрланиб, ортиб қолган емишлар ҳайвонларга берилади ёки ташлаб юборилади. Бу эса динимиз таълимотига мутлақо зиддир.
Бинобарин, юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга амал қилайлик. Аллоҳнинг нозу неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик ила ҳаёт кечирайлик. Айниқса, ризқу рўзимизнинг асосий рамзи бўлмиш нон ва сувни қадрига етайлик ва эъзозлайлик. Шундагина Ҳақ таоло ўз неъматларини янада зиёда қилажак, иншоаллоҳ.
“Абу Ҳанифа “ жоме масжиди имом ҳатиби Ёрбеков Абдурауф.