Атроф мухит озодалиги-муҳим вазифа.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, руҳ билан бирга ақл–идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига ер юзини обод қилиш, атроф–муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади.
    Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофа­заси, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга кат­та эътибор берилган. Уларни ас­раб–авайлаш барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бур­чимиздир.                                                                                            Наботот олами Аллоҳ таолонинг ин­сонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Инсон ўзи­нинг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин чи! Биз (осмондан) сув ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева чеваю ўт ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб ўстириб қўйдикку!». (Абаса, 24 – 32)
Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”,  деган (Бақара сураси, 205-оят). Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш хамда шу берилган улуг неъматларни исроф килмай фойдаланиш  кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар, деганлар (Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш ярамас иш эканлигини тушунтиради. Хозирги кунда ахлат ташлаш учун алоҳида махсус жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.
 Инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради.
“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган)     хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”.(Анъом, 141)
Минг афсуслар килишимиз керакки, хозирги кунда канчадан канча инсонлар ичимлик суви, газ ва электр токига зор бўлиб турган бир пайтда, баъзи бир одамларнинг ана шу неъматларни исроф килиб кераксиз пайтларда электр чироқларини ёқиб қўйишликлари сувларни оқизиб қўйишликлари ачинарли хол. Аллоҳ таоло хар бир неъматини ўлчаб бериб қўйган, бир кун келиб тугаши мумкин, шундай экан бу нарсаларга бепарво бўлмаслик керак.
Инсон – Аллоҳ таоло яратган барча жонзотларнинг энг шарафли, азиз ва мукаррами бўлиши билан бирга зиммасида муҳим вазифалари кўп бўлган зотдир. Пар­вар­дигор Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилиб, уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол–пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал – устун қилиб қўйдик». (Ал–Исро, 70)
Асрлар бўйи мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг шарафли бурчлари, деб билганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло уларни ифлослантирмасликка буюрган. Акс холда, балиқлар ҳам ноз–неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айла­ни­шини унутмайлик.
Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани, яъни диёри­миз­даги ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз дар­кор.
Атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар ва  янгиланишларнинг  барчаси Аллоҳ таолони танитувчи далиллардир. Шунингдек, ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга яъни, ўйлашга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда  шундай марҳамат қилади:  «…Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турар. Албатта, бунда кўз эгалари (оқиллар)  учун ибрат бордир». (Нур, 44)
Қиш фаслида қор остида ётган   ерни баҳор фаслида Аллоҳ таоло қайта тирилтиради. Агар Аллоҳ кеча ва кундузни айлантирмаса, осмондан сувларни тушириб ерни қайта уйғотмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Ана шу қудратини эсга солиш учун баъзи диёрларга бир муддат сув туширилмай қўйса ўсимликлардан тортиб чорва моллари ва ҳатто одамларгача ҳалокатга учраши мумкинлигининг хабарини оммавий ахборот воситаларидан эшитиб, ўқиб турамиз. Шунинг учун ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан қарамоғи  ва унга яхши   муносабатда бўлмоғи лозим.
Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони каримда «тирилиш» деб ифодаланган. Инсонлар ҳам  ушбу  жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Чунки, оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Баҳор кўклам фаслидир. Бахор келиши билан инсонлар атроф-муҳит тозалигига яна бир карра эътибор бериши, хусусан хонадон, маҳалла, иш жойи, қабристонларда тозалаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш айни муддаодир. Шунингдек, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳалла ва гузарларимизни янада кўкаламзор қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, бизлар  ўзимиз яшаб турган  жойга ва маҳалла–гузарларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки  қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Инсон ўз уйига қандай  эътибор берса, теварак атрофига ҳам шундай муносабатда бўлиши лозим. Чунки, бутун курраи замин инсонлар учун қароргоҳ қилиб берилган экан, ер юзини обод ва гўзал қилиш биз инсонлар учун энг муҳим вазифалардан бўлмоғи керак.

Сирдарё тумани “А.Яссавий”
жоме масжиди имом- хатиби
Муроджон. МИРСОАТОВ

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.