Аввал хабар қилганимиздек, Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан таълим муассасаларида «Илм олиш афзаллиги» ва «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирларга 8-10 синф ўқувчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари жалб қилинган. Тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Устоз ва ота-оналар томонидан ўқувчи ёшларнинг хулқи, одоби, илм олишга бўлган қизиқиши, вақтдан унумли фойдаланиш ва катталарни ҳурмат қилишда янада яхши томонга ўзгариши сезилаётгани эътироф этилмоқда.
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва таълим муассасалари ҳамкорлигида «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида ўтказилаётган давра суҳбатлари айни вақтида ва ўз ўрнида ташкил қилинган тадбирлар бўлмоқда. Ўқувчи ёшлар илм-маърифатга шунчалик чанқоқчи, соатлаб суҳбат қуришга тайёр. Сизни қўйиб юборгиси келмаётганлиги уларнинг кўзларидан, ўзларини тутишлари ва бераётган саволларидан яққол кўриниб туради. Ёшларимизнинг дин тўғрисида билиши керак бўлган бўшлиқларни имом-хатиблар томонидан тўлдирилиши айни муддаодир. Акс холда улар бу бўшлиқни бошқалардан тўлдиришга интилиши ва бузғунчилар тўрига илиниб қолиши ҳеч гап эмас» – дейди Ховос тумани «Абу Ҳанифа» масжиди имом-хатиби Абдурауф домла Ёрбеков.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда: «Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, биринчи галда ёшларни илм-маърифатга ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади» – деб айтган сўзлари амалга оширилаётган тадбирларнинг нақадар долзарб эканлигини тасдиқлайди.




