Бугун 2019 йилнинг 18 апрель куни Гулистон шаҳридаги “Қаропчи” қабристонида тадбир ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги“Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган ушбу семинарда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, вилоятимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Семинарни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев очиб бериб, Сирдарё вилоятидаги барча қабристонларда кенг кўламли ҳашарлар ўтказилганлиги, қабристонлар ҳудуди тартибга келтирилганлиги, қаровсиз қабрлар сувалиши лозимлиги, қабристон маданияти ҳақида сўзлаб, маданият айнан қабристондан бошланиши кераклиги, аждодларимиз ётган тупроқни обод қилишимиз кераклиги ҳақида ўз тавсияларини берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ўз сўзида қабристонларга эътибор бермайдиган одам аждодларига беэътибор одам эканини, қабрлар устига гуллар, кўчатлар экиш лозимлиги улар тасбеҳ айтиб туриши ва бу қабр эгасининг охирати учун озуқа бўлишини таъкидлади.
Шундан сўнг вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров томонидан Қуръон тиловати қилинди ва эл-юрт тинчлиги ва мамлакатимиз ободлиги, деҳқончиликка барака ҳамда ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб, дуои хайрлар қилинди.




ЎМИнинг Сирдарё вилояти
вакиллиги матбуот хизмати