Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнат билан улуғ савоблар ва олий даражаларга эришиши мумкин. Бу ҳақиқатни тӯғри англаб, ӯз ҳаётларига татбиқ қилган ота -боболаримиз илмли, ӯз касбининг устаси бӯлишган. Улар ишбилармон ва тадбиркорларни қадрлашган. Агар инсон ёшлигиданоқ илм ӯрганмаса, касб – ҳунар эгалламаса, ҳаётда тамагирлик ва хорликка дуч келиши, бошқаларга ҳасад қилиши, боқимандаликка ӯрганиб қолишини яхши билишган. Фарзандларининг илм олиши ва касб – ҳунар эгаллашлари учун ҳамма шароитларни қилиб беришган. Уларга моддий ва маънавий жаҳатдан кӯмакдош бӯлишган. Аждодларимиз ҳалол меҳнат билан рӯзғор тебратиб ёш авлод вакилларига намуна бӯлишган.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий: «Ҳар бир нарсанинг зеб – зийнати бор, йигитликнинг безаги касбдир » деган эди.
Демак инсон фарзандларига ҳунар ӯргатмоғи мақсадга мувофиқ экан.
Бархурдор ибн Маҳмуд айтганларидек: Кимнинг касб – кори бӯлса, номи чиқар. Ҳунарсиз унутилар, номсиз кетар.
Инсон бирон ҳунар эгаси бӯлса, уни ҳамма танийди, эътиборга тушади. Одамларнинг эҳтиёжларини қондиргани учун қадрли, каттаю кичикнинг раҳматига муяссар бӯлади.
Доно халқимизда : «Ҳунар бӯлса қӯлингда, нон топилар йӯлингда » каби мақоллар ёш йигитларни касб – ҳунарга чорлаш учун айтилган. Чунки ҳақиқий эр киши ҳунарсиз бӯлмайди. Ҳунарсиз инсон мақсадларига эриша олмайди, рӯзғорини тебрата олмайди. Бошқаларнинг қӯлига қараб, тамагир бӯлиб қолади.
Миқдам ( розияллоҳу анҳудан ) ривоят қилинади:
Расулуллоҳ ( саллаллоҳу алайҳи ва саллам ) : » Ҳеч ким ӯз қӯли билан топган ризқдан кӯра лаззатлироқ таом емаган, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд ( алайҳиссалом ) ҳам ӯз қӯллари билан тирикчилик қилган» , дедилар (Имом Бухорий ривояти ).
Аллоҳ Таоло касбимизга барака берсин. Меҳнат – роҳат бӯлмоғини насиб айласин.
Ховос тумани «Саъду Саид» жоме масжиди имом – хатиби Абдуалиев Ислом