Ўн бир ойнинг сарвари, султонисан Рамазон

       “Рамазон ойи  одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи   ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.(Бақара сураси, 185 – оят).Рамазон гуноҳларга каффоротдир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади.Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Рамазон ойларнинг саййидидир.Унинг фазилатли жиҳатларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Чунончи:

– Рамазонда Қуръони  карим нозил бўлган;

-Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконларидан биридир;

-Рамазонда қилинган садақа, хайр – эҳсонлар бошқа ойларникидан кўра

  афзалдир;

-Рамазонда  минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор; 

–Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш

  суннат   қилинган;

–Рамазоннинг охириги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати

  муаккададир; 

– Рамазон Қуръон ойидир;

– Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор; 

–Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби

  ортиқдир;

               Рамазон ойида рўза тутиш мўмин кишига кўплаб ухровий ҳамда руҳий – маънавий фойдалар келтиришидан ташқари инсон соғлиги учун муҳим бўлган қатор тиббий фойдаларга ҳам эга.Малумки, инсон организмида  токсинлар кўпайиб борса, бир қатор муаммолар вужудга келиб, аста-секинлик билан янада кўпайиб боради: инсон ҳолсизлик, муттасил чарчоқ ҳиссига йўлиқади.Терисининг ранги ва текстураси ўзгаради.Жисмида папиллома, липома, фиброма каби ўсмалар пайдо бўлиб, кўпайиб боради.Ошқозон-ичак тракти бузилади.Ич қотишига мойиллик юзага келади.Оёқ-қўл учлари доим совуқ бўлади. Организмида заҳарли моддалар кўпайиб кетган кишининг жисми юқоридаги ҳолатлардан ташқари ё қаттиқ озиб кетади ёхуд аксинча, ортиқча вазндан азият чекади.Терлаганда ёқимсиз ҳид билан терлайди.Юқорида зикр қилинган нохушликлар организмда токсинлар кўпайиб кетаётганлигидан дарак беради.Рўза соғлом овқатланиш ноёб ҳолат бўлиб қолган бугунги кунда тўғри овқатланишга бўлган иштиёқни ҳам кучайтиради.Рўза устида олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, рўза тутиш соғлом овқатланишга бўлган рағбатни кучайтириб, сунъий озуқалар ва фастфуд каби емакларга бўлган иштиёқни озайтириб, жисмдаги заҳарли моддалар (токсинлар)ни бартараф қилишга ёрдам беради. Ёғларнинг эриши нафақат токсинлар камайишига балки, соғлиқ учун бошқа бир қанча фойдали хусусиятларга ҳам эгадир. Рўза тутганда кун бўйи организмга озуқа кирмайди. Организм ўзини бир маромда ушлаш учун ўзидаги ёғ захираларини энергия манбаи сифатида ишлатади. Натижада, рўзадор инсон бир ой давомида энг камида 2-3 килограмм ортиқча вазндан халос бўлади.Ортиқча вазндан қутулган инсоннинг юрак-қон томир касалликларига йўлиқиш хавфи камаяди.Чунки, юрак зўриқиб ишламайди.Томирларда холестерин тўпланиб қолмайди.Рўза қондаги глюкоза миқдорини ҳам туширади. Жисмга озуқа кирмагач, қондаги глюкоза қувват сифатида ишлатилиб, парчаланади.Глюкоза камайгач, инсулин ҳам ортиқча ишлаб чиқарилмайди. Натижада ички аъзоларнинг инсулинга сезгирлик ҳисси ортади.Ошқозон ости бези эса дам олади. Бу ҳолат қандли диабетнинг 2 – турини енгиш ёхуд профилактика қилишга ёрдам беради.


Муяссар  Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan