АЛЛОҲНИНГ МЕЗОНИ

Одамлар бир-бирларининг қадр-қийматларини ўлчаётганда ўзлари тузиб олган ўлчовлари бор. Улар қаршисидаги кишига баҳо бераётганда кўпинча қуйидаги унсурларни асос қилиб оладилар. Бойлик, куч-қувват, чирой, насл-насаб.   Бойлик билан одамларни қадрини ўлчайдиган  бой инсон камбағалларга паст назар билан қараши мумкин, лекин, ўзидан бойроқ одам билан муносабатда бўлса унинг муомаласи тубдан ўзгаради. Куч-қувват, насл-насаб, чиройга нисбатан ҳам шундай. Аммо бизларни яратган Роббимиз бир бандасини бошқасидан афзал кўраётганда бу ўлчовларнинг бирортасини инобатга олмади. Аллоҳ таоло “Хужурот” сурасининг 13-оятида айтади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”.

Демак Аллоҳ таоло бандаларининг даражаларини тақволарига қараб ўлчайди. Мана бу Аллоҳнинг мезонидир. Биз инсонлар ҳам бу ишда Роббимизнинг эслатмасига қулоқ тутишимиз керак. Тақво сўзи «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» деган маъноларни билдиради. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан тақво нима деб сўралганда, араблар сертикан майдондан ялангаёқ бўлиб, тикандан сақланиб ўтиб кетишини «тақво» деб атайдилар, деганлар.

Ҳаётда гуноҳ ишлар ҳам ҳудди тиканларга ўхшайди, ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, улардан сақланиб юрган киши эса тақво қилган бўлади. Тақво бу Аллоҳдан қўрқишдир.  Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этишлик билан ва савоб ишларни кўплаб бажариш билан бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг ҳаётда яшашларидан энг катта мақсадлари Аллоҳ таолонинг розилигини топишдир. Кўпинча инсонларнинг қийматлари юқоридаги дунёвий ўлчовлар билан ўлчанганлиги сабабли, жамият орасида бойлик билан, насаб билан фахрланиш, ўша ишларда мусобақа қилиш авж олган. Лекин бундай мусобақалар уларни Аллоҳ таолодан узоқлаштиради. Бундан маълум бўладики биз ҳам Аллоҳнинг мезони билан ўлчашимиз керак. Ана шунда Аллоҳдан қўрқадиган, Унинг ибодатига доим қоим, У ҳаром қилган нарсалардан четда, Унинг ҳузуридан мукофот ваъда қилинган ишларга шошиладиган, бутун ҳаётида Аллоҳнинг розилигини кўзлаб яшайдиган тақводор инсонларни юқори даражаларга кўтариб, уларга яқинлашишга ҳаракат қилар эдик. Ва улар ҳам инсонлар орасида тақлид қилинадиган кишиларга айланар эди.

Демак биз тақводор инсонларга ҳавас қилишимиз ва хайрли ишларда бир-биримиз билан мусобақалашишимиз керак. Албатта бу ишлар бизларни Роббимизга яқинлаштиради. Аллоҳ таоло барчамизни тақвода бир-бири билан мусобақа қиладиган Ўзининг мухлис бандаларидан қилсин.

Ислом ТУРСУНҚУЛОВ
Гулистон тумани “Кўнчи”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan