Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади, дейилади, қайсидир маънода бу сўз тўғри, аммо энг тўғрироғи Ватан бу энг аввало ота-боболарининг покиза хоклари ила шарафланган юртдир. Бўлмаса, хорижда туғилган ўзбеклар “Ватан!” дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Ота-онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фақатгина Одам болаларига берилган.
Она Ватанимиз шу пайтгача қанча-қанча зулм ва ситамларни кўрди. Совет даврида алдамчи шиорлар остида бизларнинг оталаримизни хорлашди, ўтмиши йўқ қолоқ деб хорлашди, оналаримизни устидан кулишди, маданиятсиз, деб ҳақоратлашди.
Жомий ҳазратлари бир ибратли ҳикояни келтирадилар: “Қишлоқ этагига туташган тоғда бир гала каклик тонгдан бери чуғурлашишади. Улар кенглик, тоза ҳаво, эркинликда ҳар куни байрам эди. Қуёш кўтарилиши билан қишлоқдаги хўрозлар ҳам бошпаналаридан чиқиб, ахлатхоналарни титиб, ғурур билан қичқириб қўярдилар. Бу ҳолни кўриб турган бир каклик кулди ва гердайганича ахлат титаётган хўрозга деди: “Эй кеккайган нодон, бир ҳовуч дон учун одамларга асир бўлиб ўтирибсан-а! Шу ахлатхонани ўзингга жаннат деб биласан. Ахлатхонадан қутутлсанг-чи!”
Бу зарбул масалдан Абдураҳмон Жомий ҳазратлари шундай ҳикматни айтмоқчилар: “Эй Инсон! Бу дунёда ўзинг учун энг азиз бўлган озодлигингни бир ҳовуч емишга сотма. Доим озод яша ва озодликни сев! Аллоҳ таоло сени озод қилиб яратди. Бир ҳовуч емишга алданиб, азиз ҳаққингни сотма!”
Шундай экан, Ватан қадрига етмаслик, уни ардоқламаслик, энг аввало Худои таоло берган неъматларига ношукрлик, беписандлик ва одамий фазилатларидан чиқишликдир.
Мирзо Бобур катта бир мамлакатнинг подшоҳи бўла туриб, подшоҳ дегани ҳамма нарса унга муҳайё, хоҳлаган ишини қилиши мумкин, бўлган зот шундай байтларни ёздилар:
Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди.
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим.
Ё Рабб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Бобур Мирзонинг вафотлари яқин қолганда. Шундай васият қилдилар. “Мен вафот этганимдан кейин мени қабримни Ватанимга яқин бўлган бирор тоққа кўминглар, чунки Она юртимнинг шамоли ҳеч бўлмаганда қабримнинг устидан эсиб турсин ва яна иложи борича Андижондан бир сиқим тупроқ олиб келинг-да, қабрим узра сепинг, тоинки Ватаним тупроғи кўзимга тўтиё бўлсин”. Мана шу васиятга кўра у кишининг навераларидан бири Агра шаҳридан Қобул адирларининг бирига олиб келиб кўмади.
Чумолидан тортиб, филгача ўзи туғилган, емиш ейдиган жойини авайлайди, лозим бўлганида жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Қани, чўп олиб арининг уясини бузишга уриниб кўринг-чи? Ҳатто жонзотларда ҳам “Ватан” деган тушунча мавжуд. Бу тушунча эса улар ўз уяларини ҳимоя қилаётганларида гавдаланади.
Латифхўжа ДАДАХОНОВ
Сайхунобод тумани “Абдуолим ота”
жоме масжиди имом ноиби