Зикрнинг фойдаси жаннат.

Аллоҳ таоло бизларни эртаю кеч Роббиларини розлигини истаб амал қиладиган, холис Аллоҳ учун ибодат қиладиган, илми амалига монанд, доимо дуода бўлган зотлар билан бирга бўлишимизни буюради. Киши олиму обид, тақводор инсонлар билан бирга бўлса, ҳеч қачон ғафлатда қолмайди. Агар кўзлари доимо дунё зийнатларига боқиб ва қалби дунё матоҳлари билан овора бўлса, Парвардигорини эсидан чиқарса, эрта қиёматда пушаймонликдан бошқа нарсага йўлиқмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам марҳамат қиладилар:

“Бир куни Луқмони Ҳаким ўғилига деди: Эй ўғлим, доимо олимлар мажлисида бўл, донишмандлар гапига қулоқ сол. Чунки уларнинг сўзлари ҳикматдир. Аллоҳ таоло ўлик ерни ёмғир сувлари билан тирилтиргани каби ўлик қалбни ҳам ҳикмат нури билан тирилтиради ”.

Шайх Ҳаққоний айтганларидек, бошқа мавжудотлар ҳам Парвардигорини зикр қилади. Худди шу каби дарахт ҳам зикр қилади, шунинг учун дарахт ҳам тирик, кўкариб турибди ва мева беради, инсонлар ҳам унинг мевасидан баҳраманд бўлишади. Агар зикрдан қолсачи? Қурийди ва ўтиндан бошқа нарсага ярамайди. Инсон ҳам Аллоҳ таолони зикр қилиши билан тирик, агар зикрдан қолса, у ҳам демак ўтиндан бошқа нарсага ярамайди.

Демак, юқорида зикр қилинган ҳадисдаги Луқмони Ҳакимнинг ўғилларига қилган насиҳатларига қулоқ соладиган бўлсак, бизлар доимо ҳаётимизнинг бўш вақтини олимлар, донишмандлар ва зокирлар билан бирга ўтказмоғимиз зарур. Чунки, улар Аллоҳ таолонинг зикрини эслатишади. Аллоҳ таоло ёмғир суви билан ўлик ерни тирилтиргани каби, Унинг зикри ва ҳикмати ҳам ғафлатда қолган ўлик қалбларни тирилтиради.

Зокирлар, авлиёлар, доиншмандлар мажлисида ўтириш нафақат бу дунёда фойда, балки охиратда ҳам жаннат билан мукофотланишини Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам эслатадилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: Ё Расулуллоҳ, зикр аҳлининг мажлисида нима фойда бор? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зикр аҳлининг фойдаси жаннатдир жаннат”, деб марҳамат қилдилар.

Солиҳ кишилар билан бирга ўтиришда жуда кўп манфаатлар ва яхшиликлар бор. Чиройли хулқ, тақво, мурувват, илм ва турли одобларни улардан ўрганиш мумкин. Нораво кишилар мажлисида эса, ғийбат, бидъат, ботил, гуноҳ ишлар, турли хил инсонларни хорлайдиган, табини хира қиладиган амаллар мавжуд.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan