Ақиқа шаръий маросимдир

 

    Исломда ақиқа деб бола туғилганидан кейин унинг номидан сўйиладиган жонлиққа айтилади. Бу хусусида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган:

“Бола ўз ақиқасининг эвазига гаровдадир. Еттинчи куни унинг номидан (жонлиқ) сўйилади ва исм қўйилади ҳамда сочи олинади”-, дедилар. (Термизий ривояти).

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг набиралари  Ҳасан ва Ҳусайнларга ақиқа қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам ақиқа қилишлик мусулмонларга суннат бўлиб қолган.

Валиюллоҳ Деҳлавий айтади: “Ақиқада кўплаб манфаатлар бўлиб, булар миллий, маданий ва шахсий манфаатлар сифатида намоён бўлади. Ушбу манфаатлардан бири  боланинг насабини лутф билан кўпчиликка билдириб қўйилишидир.Зеро, бола катта бўлганда унинг насаби тўғрисида ҳар хил ёқимсиз гаплар тарқалиши мумкин.Ақиқаси қилинган болада бундай ноқулайлик содир бўлмайди. Чунки ақиқа жараёнида кимнинг фарзанд кўрганлиги танишлар орасида маълум бўлади”.

    Муқаддас манбаларимизда ақиқанинг яна бир қанча фойда ва ҳикматлари қайд этилган бўлиб, улар қуйидагилар:

  1. Жонлиқ сўйиш туфайли Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиниши.
  2. Болани мусибат ва офатлардан асраши.
  3. Болага гаров бўлиши.
  4. Мўминлар сони кўпайгани учун хурсандчилик пайдо қилиши.
  5. Янги туғилган болага қилинган зиёфат туфайли кишилар орасида меҳр-оқибат кучайиши.
  6. Боланинг сочи миқдорида қилинган садақа сабабли жамиятда тенглик пайдо бўлиши.
  7. Ақиқа Аллоҳ таолога шукр қилишнинг ва Унга қурбат ҳосил қилишнинг бир тури эканлиги.
  8. Ақиқада саҳийлик намоён бўлиши, бахилликдан юз ўгирилиши.
  9. Ақиқа қилиш орқали Исломда ижтимоий фаолиятнинг намунаси кўриниши.
  10. Ақиқа қилиш орқали ҳар бир инсон фарзанд кўрганлигини ва унга маълум исмни қўйганлигини эълон қилиши. 
  11. Ақиқа амалиётида суннатга эргашиш ва бидъатдан узоқда бўлиш ҳосил бўлиши.
  12. Ақиқанинг яна бир фазилати – туғилган чақалоқ ёшига тўлмасдан вафот этадиган бўлса, жаннат эркатойи бўлади. Яъни, қиёмат куни “Онам жаннатга кирмаса, мен ҳам кирмайман, дейди. Онанг кирди, энди жаннатга кир, дейилса, Отам кирмагунича кирмайман, деб туриб олади.     Демак, балоғатга етмай вафот этган гўдакларнинг жаннатий ҳисобланиши ва ҳаказо.

       Ақиқа қилинмай узоқ муддат ўтиб кетган бўлса нима қилинади?.  Бу борада Ашраф Али раҳматуллоҳи алайҳи осон йўлни баён қилиб “Бола қайси куни туғилса келгусидаги ўша кундан бир кун аввал ақиқа қилинади”,-деган. Масалан, бола жума куни туғилса келгусидаги қайсидир пайшанба куни ақиқа қилинади. Демак, ақиқа келгусидаги қайсидир пайшанба куни қилинса,  гўёки еттинчи куни қилинган бўлади. 

    Ақиқа аслида  жуда осон шаръий маросимдир.Чақалоқ туғилганидан  кейин 7, 14, 21-кунларининг бирида бир қўйни сўйиб, уни учга тақсимлаб, бир қисмини ҳомиладан бўшаган онанинг куч-қувватини қайта тиклаши учун олиб қўйиш, бир қисмини  муҳтож оилаларга тарқатиш, бир қисмини зиёфатга ишлатиш тавсия қилинади.Зиёфатда қуда-анда, таниш-билишларга тўн кийгизиш шариатда йўқ бўлиб, ақиқа маросими амалларидан ҳам ҳисобланмайди.Бу шаръий маросим суннат амаллардан бўлгани учун Қуръон тиловати ва дуои хайрлар қилинади, холос.

    Ҳозирги пандемия шароитида уйга меҳмон чақириб, зиёфат қилиш шарт эмас.Шунингдек, ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб, сўйилган қўй танасини бутунлигича  болалар шаҳарчалари, саҳоват уйлари, касалхоналарга бериб юборса ҳам савоби катта бўлади.

   .Шариатимизда рухсат этилган, ҳар томонлама фойдали мана шундай тадбирлар ўрнига  кўп чиқимли, исрофгарчилик ва фитнага сабаб бўладиган  “бешик тўйи”, туғилган кун” ва бошқа турли-туман ношаръий маросимларни  қилаётганлар ҳам учраб турибди.Буларнинг барчаси Ислом дини кўрсатмаларига амал қилмаслигимиз  оқибатида  савоб оламиз  деб, гуноҳкор бўлишимизга сабаб бўлмоқда.

    Яна шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда ақиқа маросими учун махсус тайёргарлик ҳам кўрилаяпди. Ҳатто обрўли шахсларнинг рўйхати тузилиб, уларга таклифномалар юборилаяпди.Ақиқа маросими ўтказиладиган жой эса турли-туман чироқлар ва шарлар билан безатилаяпди. Маросимга таклиф қилинганлар  чақалоқ ва унинг ота-онасига қимматбаҳо совға-саломлар олиб боришади ва шу тарзда ўтган ақиқа маросимини чиройли бўлди, деб ҳисоблайдилар. Аслида, бундай кўринишдаги ақиқа ибодат мақомидан ўзгаларга кўз-кўз қилинадиган урф-одат мақомига тушиб қолади.

Натижада ақиқага ҳам турли бидъатларни қўшиб, ўзларига машаққат орттираётган айрим оилалар  иқтисодий қийинчиликларга учраб, эр-хотин, қариндош-уруғ ўртасида келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқмоқда.

Ачинарлиси, ақиқа маросими  қилиш мушкул экан, деб  кўпчилик фарзандларига ақиқа қила олмай қийналадилар.

Аслида Ислом шариати бу борада энг осон йўл таълимини берган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир ким унга қаттиқлик қилса мағлуб бўлади”, деганлар”.

      Ислом динига амал қилиб яшаганлар икки дунёда нажот топиб, улуғ савобларга эришадилар, иншааллоҳ.

 Муяссар Ҳасанова,
 Гулистон шаҳар отинойиси     

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *