МУСТАҚИЛЛИК ШУКРОНАСИ

Болалик йилларим Совет Иттифоқи давридаги намоз, рўза ва ҳатто жаноза намозлари ҳам таъқиқланган мамлакатимиз тарихида ислом динининг энг оғир вақтларига тўғри келган.
Рамазон ойларида мактабда устозимиз синфдаги барча ўқувчиларни мажбурлаб бир тишлам нон ёки бир қултум сув билан рўзамизни очиб қўярди. Мен,албатта, устозим ҳақида ўша давр сиёсатининг талаби билан шундай қилганлар деб яхши гумондаман (Аллоҳ устозимнинг гуноҳларини мағфират қилсин). Шундай оғир дамларда ҳам «қайсаргина»  Зулхумор энамиз «ўлсам жойнамоз устида ўлай» деб намозларини тўхтатмадилар. Энамизнинг шу бир оғиз гаплари биз набираларга катта тарбия бўлган. Кейинчалик ёшим бироз улғайгандан кейин динимизни ўрганиш учун диний адабиётлар қидира бошладим, аммо бу мавзудаги адабиётни топиш амри маҳол эди. Кейин диний маросимларда қатнашиб отинойилардан нималарнидир ўрганиш ниятида диний маросимларда иштирок эта бошладим. 
ҳар замонда бир ўқиладиган мавлидлардан деярли ҳеч нарса ўргана олмадим.
Кунлар кетидан кунлар. йиллар кетидан йиллар ўтиб Ўзбекистонимиз мустақил давлат бўлди. Мустақиллик шарофати билан китоб дўконлари пештахталарида диний адабиётлар пайдо бўла бошлади.Китоблар орасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини айниқса мароқ билан мутолаа қилардим.
Орадан йиллар ўтиб нафақа ёшига ҳам яқинлашиб қолдим. Ҳамкасбларимга, чарчадим, соғ саломат нафақага чиқиб олсам таълим соҳасида бир кун ҳам ишламайман, лекин ҳеч кимни хаёлига келмаган ишни бошлайман, иншаа Аллоҳ, дер эдим.
Нафақага чиққач диний адабиётлар мутолаасига, қуръони каримни араб алифбосида мустақил ўқишни ўрганишга бошим билан шўнғиб кетдим. Вақти келиб солиҳа аёллардан бири мени отинойилар тайёрлов курсига таклиф қилиб қолди. Шундай қилиб, отинойилар сафига қўшилиб қолдим (буни Аллоҳнинг менга кўрсатган марҳамати деб биламан).
Ўзим ҳақимда кўп ёзиб азиз ўқувчимни зериктириб қўйган бўлсам узр сўрайман. Меникига ўхшаган тақдирли аёллар, отинойилар орамизда кўп бўлгани учун бунга жазм қилдим.
Мустақиллик йилларидаги,айниқса сўнгги йиллардаги отинойиларнинг фаолияти бизнинг ёшлик йиллардаги отинойиларнинг фаолиятидан тубдан фарқ қилади. Мамлакатимиздаги барча жабҳаларда,шу жумладан диний маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни хотин қизлар орасида тарғиб қилади,ҳамкор ташкилотлар билан бир ёқадан бош чиқариб оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин қизларни бузғунчи, ёт ғоялар, миссионерлик, прозелитизм ва оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан асраш учун тарғибот- ташвиқот ишлари олиб боради. Маҳалла ва оилаларда жиноятчиликни олдини олиш,ўз жонига қасд қилиш,ахлоқсизлик, гиёҳвандлик, вояга етмаган қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш,оилавий ажримларнинг олдини олиш,кийиниш маданиятини ўргатиш, бидъат ва хурофотларга қарши курашиш ва умуман соғлом турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишда фаол иштирокчига айланган. Жонкуяр отинойиларимизнинг меҳнати ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан ҳам эътироф этилди.Мамлакатимиздаги кўплаб отинойилар «Мустақилликнинг 30 йиллиги»
кўкрак нишони билан тақдирланди.Булар орасида Сирдарё вилоятининг бош имом хатиби ёрдамчиси Р. Искандарова, Гулистон тумани бош отинойиси С.Хўжақулова,Сирдарё тумани бош отинойиси М.Мелибоеванинг борлиги биз отинойиларнинг ғайратига ғайрат,кучига куч қўшди.
Отинойиларга юксак эътибор учун Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтиб,
жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб,кўкка бўй чўзаётган мустақил Ўзбекистонимизнинг олиб бораётган сиёсатига шукроналар келтирамиз.
Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳри отинойиси С.Уралова

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *