Миллий либосимиз — миллий ғуруримиз.

 Бирор мақсад билан кўчага, тўй-маракаларга ёки бозорга чиққан одам турфа хил кийинган ёшу-қари, қиз-аёлларни кўриб ўйланиб қолади.Улар орасида туркча, арабча, европача кийинганларни ҳам, шариатимиз талабларига кўра кийинганларни ҳам, қадимда момоларимиз, оналаримиз кийингандек одмигина кийинган турли хил ёшдаги аёл-қизларни ҳам учратиш мумкин. Бундай вақтда Меърож кечаси воқеаларидан хабардор бўлган ҳар бир инсоннинг хаёлига беихтиёр қуйидаги ҳадис келиши аниқ.

    «Ўзлари дўзах аҳлидан, лекин ҳануз мен кўрмаган икки тоифа мавжуд. Қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бўлиб у билан одамларни урадиган кишилар. Яна бири кийим кийган ялонғоч, ўзлари йўлдан озган ва бошқаларни ҳам йўлдан оздирувчи аёллар. Бошларида туянинг мункайган ўркачига ўхшашлик бор. Улар жаннатга кирмайдилар ва ҳидини ҳидламайдилар. Ҳолбуки, жаннатнинг бўйи шунча ва шунча (яъни, жуда узоқ) масофадан келиб туради. (Имом Аҳмад ва имом Муслим ривояти).»

    Ҳадиснинг бир нуқтасига эътибор беринг:»…яна бири кийим кийган ялонғоч, ўзлари йўлдан озган ва бошқаларни ҳам йўлдан оздирувчи аёллар.Улар жаннатга кирмайдилар ва ҳидини ҳидламайдилар…».

    Азиз ўқувчим, бу ҳадисни эслатиш билан кимнингдир шахсиятига тегиш мақсадим йўқ. Асло. Мен фақат кийиниш меъёрида бўлиши, кийиниш билан атрофдаги инсонларни жалб қилмаслик ҳақидаги фикрларимни айтмоқчиман, холос.

    Хўш, биз қандай кийинишимиз керак? Азиз замондошларим, диндошларим, аввало туркча, арабча, европача, умуман бизга ярашмайдиган чет эл кийимларидан воз кечайлик. Ахир, қайси чет эллик аёл бизнинг миллий либосларимизни кийиб юрибди. Бизга эса фарқи йўқ, чўнтагимиз кўтарса бўлди, ҳамма кийиб юрибди-ку, жуда замонавий экан, деб харид қиламиз-у, кийиб оламиз. (Наҳотки замонавийлик деган тушунчамиз шу даражада тор бўлса).

    Биз аёлларнинг миллий ғуруримиз қаёқда қолди. Азиз аёллар, ўзимизда аввало миллий ғурурни шакллантирайлик. Ҳаётга энди қадам қўяётган қизларимизни, набираларимизни ҳам шу руҳда тарбиялайлик.

    Ўзлигимизга қайтайлик, ўзбекона миллий либосларимизни яна эгнимизга олиб, атрофдаги инсонларни жалб қилишдан қайтиб, фарзандларимиз ва набираларимизни ҳам шундай кийинишга ўргатайлик, токи улар бирон кун,  вақти келганида катталар мени тарбиямда адашган эканлар деб биздан норизо бўлишмасин.

Янгиер шаҳри отинойиси
С. Уралова.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *