Исломда қўшничилик ҳаққи

Барчамизга маълумки, динимиз қўшничилик хақларига риоя қилиш бўйича шундай муҳим хабарлар, оятлар ва ҳадислар олиб келганки унгача ҳеч қайси динда ёки тузумда бу ҳақда бирор сўз бўлмаган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Биродарим Жаброил қўшни ҳақида менга шунчалик кўп васият қилдики, меросхўр бўлиб қолармикан деб ўйладим” деган мазмунда ҳадислари ҳам бор.

Қўшничилик ҳақларини бир-икки жумлада аниқ очиб беришни иложи йўқ. Чунки бу ўта катта, кенг мавзу. Биз бу катта, кенг мавзуни ичига кирамизда бугунги кунда ижтимоий ҳолатдан келиб чиқиб энг зарур бўлганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Аввало, эътиборимизни имоми Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга қаратамиз: “Қўшнилар уч хил бўлади”-дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом. ”Биринчиси, битта ҳаққи бор қўшни бор. Бу қўшнилар ичида энг оз даражада ҳаққи бўлган тоифадир. Иккинчиси иккита ҳаққи бор қўшнилар бор. Яна бири учта ҳаққи бор қўшнилар бор. Бу қўшниларнинг ҳаққи  энг кўп бўлганидир”.

“Битта ҳаққи бўлган қўшни ким экан? Бу қариндошчилиги бўлмаган мушрик қўшни. Унда фақат қўшничилик ҳаққи бор. Иккита ҳаққи бўлган қўшни қариндош бўлмаган мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик ва қўшничилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бўлган қўшни эса мусулмон ҳамда қариндош қўшнидир.Унинг мусулмонлик,қариндошлик ва қўшничилик ҳаққи бор.

Қўшничилик ҳаққининг энг қуйи даражаси қозонингдаги овқатнинг ҳиди билан озор бермаслигингдир. Агар унга ҳам овқатингдан берадиган бўлсанг, ҳиди чиқса майли.(Имом Баззор ривояти)

Янги мева бозорга чиқса-ю биз олиб келиб фарзандларимизга едирсак. Қўшнимизнинг янги мева олишга қурби етмаса, ё қўшнига ҳам шу мевадан беришимиз керак ёки уларга кўрсатмасдан болаларимизга едиришимиз керак. Маъқулроқ амал қўшнига ҳам бир идишда берганимиздир.

Болалик хотираларга қайтсак.Онам раҳматлик ҳар куни кечки овқатдан икки ён қўшнига олиб чиқишга одатланган ва бизни ҳам одатлантирган эди. Онам шифохонада ётсалар ёки меҳмондорчиликда қолсалар биз ҳам албатта пиширган кечки таомимиздан икки ён қўшнига берар эдик. Қўшнилар ҳам идишимизни қуруқ қайтармас эдилар. Сир эмас ҳозирги кунда қўшниларни фақат байрамларда, Хайитларда ёки тўй қилганимизда пишириқлар, ширинликлар ва ош билан йўқлаб турамиз.

Замонамиз тинч бўлсин , юртимиз обод бўлсин қўшнилар билан меҳр оқибатимиз мустаҳкам бўлсин.

Раҳима ИСКАНДАРОВА.
Сирдарё вилояти вакилининг аёллар масаласи бўйича ёрдамчиси
.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *