Минг ойдан яхшироқ кеча

Рамазон ойини бандалари учун фазилатли қилиб қўйган Аллоҳ таъолога ҳамду саноларимиз бўлсин. Рамазон таълимотларини умматларга билдириб кетган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга солату дурудлар бўлсин.

Абдуроҳман ибн Авфдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой Рамазон рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса унга “жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг киравер”, дейилади” (Имом Аҳмад ривояти).Бугунги мавзуимиз Рамазон ойи келишини интизорлик билан кутиб,  уй-ҳовлиларни обдон тозалаб, чиройли безатган, Рамазон ойи рўзасини тутиб, таровеҳ намозларини ўқишликка оиласидагиларни шай қилиб қўйган, эртага, индинга деб ибодатларни орқага суриб юрган эрнинг ҳам тилини топиб, рўза туттириб, ҳар куни масжидга  кузатаётган, саҳарлик ва ифторликларни вақтида тайёрлаб улкан ажр-савобларга эришаётган  ана шундай афифа аёлларимиз учун, иншааллоҳ.

Аёлларимиз орасида Рамазон ойи барча кечаларини умидворлик ила бедор ўтказаётганлар беҳисоб бўлиб, ана шундай ибодатли, итоатли опа-сингилларимизга Аллоҳнинг яхшиликлари бўлсин деймиз.

Рамазон ойининг энг шарафли кечаси — Лайлатул қадр кечаси  яқинлашиб келмоқда. Минг ойдан яхшироқ бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли  минг ойлик ибодатдан афзалдир.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар” (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти.

Лайлатул қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом ва бошқа жуда кўплаб фаришталар  Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилинган ишлари ила тушадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар.

Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: ”Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечаси Рамазон ойининг охириги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охириги гуноҳларини кечиради”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳилларини уйғотар эдилар”. Шунингдек, этикофда ўтирганлари ҳам ривоят қилинган.

Лайлатул қадр кечаси тонг отгунча тинчлик, омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Аллоҳ бандаларига фақат тинчлик-омонлик тақдим қилади. Бу қадрли  кеча ҳақида қанча гапирилса ҳам оз.

Биз аёллар бу кечани севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга эргашиб,  намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш, Қуръон қироати ила оила аъзоларимиз даврасида ўтказишимиз  мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қўшниларимиз, маҳалладошларимиз, ҳамкасбларимиз, қариндошларимизни  ҳам ушбу кеча фазлидан бебаҳра қолмасликлари учун, уларга   ушбу муборак кечани  бедорликда, илтижоли дуолар, зикр, тавба-тазаррулар ила фақат оила аъзолари билан, бегоналардан холи, хотиржамликда,  Аллоҳнинг ажрига ихлос билан ишонган холда ўтказишларини  тавсия қиламиз. Ушбу кечада меҳмон чақиришимиз ёки меҳмонга боришимиз, зиёфат дастурхонига уринишларимиз қимматли дақиқаларни ютқизишимизга, таом ейиш-ичиш, ҳар хил бўлмағур гапларни гапириб қўйишимизга, толиқиб, ибодатларни кўнгилдагидек қила олмаслигимизга олиб келади.

Рамазони шарифнинг муборак кечасини оила аъзоларини, яқинларини ибодатга чорлаб, ўзи ва ўзгалар ҳаққига дуолар қилиб, динимизга софлик, юртимизга фаровонлик тилаб бедор ўтказганлардан Аллоҳ рози бўлсин.

Муяссар ҲАСАНОВА
Гулистон шаҳар отинойиси

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *