Аёлларимизнинг Рамазон ойида дуо қилишлари ва фарзандларига ҳам дуо қилишни ўргатишлари ҳақида.

 

   Рамазон ойини бандалари учун фазилатли қилиб қўйган Аллоҳ  таъолога ҳамду саноларимиз бўлсин. Рамазон таълимотларини умматларга билдириб кетган Росулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга солату дурудлар бўлсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллаҳи ва барокатуҳ!

      Бугун биз дуо, аёлларимизнинг, оналарнинг Рамазон ойида қиладиган дуолари ва бу дуоларни фарзандларига ўргатишлари хусусида  фикрлашмоқчимиз. Дарҳақиқат, оналар фарзандларига ўзларидаги билимларни ўргатиб боришлари, хусусан шаръий аҳкомларни тўғри етказишлари зарур. Шунинг учун аввало, аёлларимизнинг ўзлари билимли, эътиқодли бўлишлари, хусусан,  дуо нима эканлигини, қандай дуо қилиш кераклигини    билиб олишлари жоиз.

        Дуо ҳам ибодатдир. Ҳадиси шарифларда дуо  ибодатнинг мағизи деб айтилган. Ибодатнинг ичида яна бир ибодат бўлишининг ўзига хос таълимоти бор.

          Афсуслар бўлсин-ки, дуо деганда аксарият аёллар Аллоҳдан бирон бир ҳожатни, талабни сўраш, сўраганда ўша талаб ҳосил бўлишини тушунишади. Шунинг учун дуо қилинган пайтда агар талаб қилинган нарсалари ҳосил бўлмаса, дуоим қабул бўлмади, деб тушкунликка тушиб қолишади. Ёки дуо қиладиган бўлсак, талабимизга, сўраганимизга эришамиз, деган мақсадда ҳар хил нарсаларни талаб қилишади ва дуони фақат шунга хос, деб билишади.

         Аслида дуонинг маъноси ўзгача кенгроқдир. Дуони ибодат дейилганидан кейин унинг талаблари, шартлари ҳам бошқача бўлади. Дуо талаб қилиш эмасдир. Агар Аллоҳ, менга уни бер, буни бер, бу мақсадимга эриштир кабиларни айтсак, бу талаб бўлади. Дуо асосан қалбий, руҳий холатдир. Қалб Аллоҳга нисбатан ҳокисор, ҳақир, заиф, хору зор эканлигини тушуниш, ўзининг холатидан уялиш, гуноҳига мағфират сўраш, Аллоҳга бўйин эгкан холатда мурожаат қилиб, муножот қилиш дуодир. Демак аёл кишининг руҳий тайёргарлик кўриб, покланиб, қиблага юзланиб,аввало Аллоҳ таъолонинг ҳозир эканлигини, ўзини Аллоҳ кўриб, эшитиб турганини хис қилган холатда муножот қилиши, ҳақир холатда, қалбидаги ҳамма нарсани чиқариб ташлаган холда  ўзининг заифлигидан, хорлигидан, нотўғри ишларидан, гуноҳларидан шикоят қилиб мурожаат қилиши дуодир. Дуодаги асосий нарса ана шу ўзидаги қусурларни кечирилишини, мағфират қилинишини, ҳидоятда ва тўғри йўлда собитқадам бўлишини сўрашдир.

        Аёллар мана шу холатларни тушуниб етганларидан кейин фарзандларининг тилига, фаҳмига муносиб тарзда уларга ҳам дуо қилишни ўргатишлари мумкин. Аввало дуо одобларини ўргатиш керак. Ҳар қандай жойда қўл очиб дуо қилиб, хоҳлаган нарсасини шошиб-пишиб сўраш керакми, ёки ҳозирлик кўриш мақсадга мувофиқми? Буни оналар ўргатиб боришлари зарур. Шунингдек, жамоавий дуонинг ҳам фазли катта бўлишини, улуғларнинг, ота-онанинг устозларнинг дуосини олиш билан бирга   уларнинг ҳаққига ҳам жамоадан дуо сўраш оқилнинг иши эканлигини уқтириш лозим.

       Муборак Рамазон ойида қилинган  дуонинг фазилати янада улуғдир.  Қуръони Каримга эътибор берадиган бўлсак, рўза оятлари орасида Аллоҳ таоло: ”Агар бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар айтгинки, мен уларга яқинман. Дуо қилсалар дуоларини қабул қиламан. Менга дуо қилсинлар, шоятки улар ҳидоят топсалар”, деб хитоб қилади. Марҳаматли Аллоҳ бу хитоби билан Рамазонда қилинадиган дуоларнинг янада аҳамиятли эканини таъкидлаяпди. Бу ойда дуо қилишга қаттик киришиш кераклигини англаш,фарзандларимизга тушунтириш биз аёлларнинг асосий вазифамиздир.

        Шунингдек, хилолни  кўрганда Росулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннат бўлган дуони ўқишлик, ифторликда қилинган дуолар мақбул бўлади. Ифторликда рўзадорга икки хурсандчилик бўлади. Бири Аллоҳ билан мулоқот пайти, иккинчиси ифторлик қилингандагиси, дейилади.

        Пайғамбаримиз ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб: “Уч тоифа бандамнинг дуоси қайтарилмайди: одил имомнинг, рўзадорнинг, мазлумнинг”,  дедилар.

          Шунингдек, азон ва иқомат орасидаги дуо, жума кунидаги дуо, кечанинг охириги қисмида қилинган дуо  ҳам мустажобдир.

           Юқорида таъкидланганидек, дуодаги энг муҳим ва эътиборли нарса қалбий холатдир. Илтижо билан, синиқлик билан, муножот билан қилинган дуо энг яхши дуодир.

            Фарзандларимизнинг чиройли, тўғри дуо қилишларида биз аёллар масъулмиз.

        

          Гулистон шаҳар отинойи  Муяссар  Ҳасанова.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *