Покланиш ойи келди

Азизлар,мана рамазон ойи кириб келди. Орамизда кимлардир рамазонга тайёргарликни олдиндан бошлаб юборганлар.Яъниким, ражаб ва шаъбон ойларида маълум кунлар рўза тутиб,кечалари тунги номозларда қоим бўлиб,юртимиз,маҳалла кўйимиз,қўни қўшнилар учун дуо қилиб ўзини, руҳини, жисмини рамазонга тайёрлаган инсонлар -бахтли инсонлардир. Рамазон-фазилатда тенги топилмас муборак ойдир. Ўтган боболаримиз,момоларимиз бу ойни интиқлик билан кутишган,ҳатто ойлар давомида “Парвардигоро,бизни Рамазонга етказ!”деб дуо-илтижолар қилишган.Рамазонга етгач, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар,Қуръон тиловати-ю,таҳлил,тасбеҳлар билан ўтказишган ва яна Аллоҳга ялиниб рамазонда қилган амалларнинг қабул бўлишини сўрашган. Рамазон ойидаги саҳарлик ва ифторлик амалларини ўз вақтида бажариб,ибодатларни қудрати етгунча бажариш ажр савобларга эга бўлишимизга замин бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом .”Саҳарлик қилинглар. Албатта,саҳарликда барака бордир” (Имом Бухорий ривояти) деганлар. Шифокорларнинг айтишларича, рўзада юракнинг ошқозонга қон ҳайдаш тезлиги сезиларли даражада пасаяркан, шу билан бирга танамизнинг бошқа аъзоларида ҳам қон айланиши сокинлашаркан.Бунинг натижасида танамиз ҳаракати меёрий ҳолга келаркан, ҳамда йил давомида йиғилиб қолган зарарли моддалар чиқариб юбориларкан.Инсон ҳар нафас олганда ўпкасига тоза ҳаво билан бирга ташқи муҳиддаги заҳарни ҳам ютаркан.Рўзадорлик ўпкани ана шу заҳарлардан тозалашга ёрдам бераркан. Ошқозонимиз ҳам рўза вақтида ўзини янгилаб, ортиқча хилтлардан ўзини янгилаб оларкан.Овқат ҳазм қилишда катта аҳамиятга эга бўлган ичакларда йиғилиб қолган чўкиндилар ҳам кетаркан.

Рўзадорлик танамиз ва руҳиятимизга жуда катта фойда келтираркан.Меёрда овқатланиб, саҳарлик ва ифторлик вақтида ошқозонимизни уринтириб қўймасак,енгил ҳазм бўладиган таомлар билан озиқлансак, рамазонни охирига келиб танамизда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлганини ҳис қиларканмиз.
Рамазон кечаларида нафл ибодатлар қилиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади.Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дердилар: “Ким Рамазонда имон ва ихлос билан қоим бўлса,ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Бешовлари ривоят қилган).
Азизлар,ҳаммамизга маълум, муборак Рамазон ойида бир  кеча борки минг ойдан яхшироқ. Бу-Қадр кечасидир.
Аллоҳ барчамизга Рамазон ойини рўзадор ҳолда ибодатлар билан ўтказишимизни ва ибодатларимизнинг қабул бўлишини насиб айласин.

Сирдарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.
Раҳима ИСКАНДАРОВА

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.