Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни

 Қадимдан халқимиз отани эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатиш ҳаттоки у ўтирган том устига чиқмасликни таъкидлаб келишади. Дарҳақиқат, бугунги кунда айрим оилаларда отанинг ўрни йўқолиб бориши ва бунинг оқибатида оилада парокандалик ва оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётгани юқоридаги халқимизнинг таъбири қай даражада асосли эканини кўрсатади. Бази бир ёш оилаларда бирор келишмовчилик чиқса, бу муаммони қўни қўшни ёки қариндошлар ечишга бел боғлашади. Оиланинг раҳбари бўлмиш ота эса чеккада томошабин, ёки бўлмаса, қайнонанинг чизиғидан чиқмасдан келинини ёмонлашдан у ёққа ўтмайди. Натижада эса ёш оилалар ажралиб кетишяпти. Ахир оила бошлиғи, шу муаммони ўзаро оилавий ҳал қилиб, кўчага чиқармаса унинг ишига ким аралашарди? Оила деб аталмиш муқаддас риштани сақлаб қолиш кўпни кўрган, ҳаётнинг баланду пастини яхши биладиган шу отанинг вазифаси эмасми? 

“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар.” (Ан Нисо 34 оят) Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада эркаклар ўз оилалари раҳбари эканларини таькидлаяпти. Раҳбар инсон ўз қўли остидаги инсонларнинг ҳар бир ҳатти ҳаракатлари учун масъул шахсдир. Оила жамиятнинг бир кичик, лекин асосий бўғинидир. Ҳар бир оилада таълим тарбия, оила аъзоларининг моддий ва маънавий эҳтиёжлари кўнгилдагидек қондирилса, бунинг акси бутун бир жамиятда акс этади. Бу эса албатта шу оиланинг раҳбарлари эркакларнинг зиммасидаги шарафли бурчдир. Бугунги кунда ёш оилаларда ажралишлар сонининг кўпайишига ҳам шу – оилада ўзаро ҳурмат ва оила бошлиғига нисбатан итоатнинг йўқлигидадир. Аёл киши табиатан нозик, ҳиссиётларга тез берилувчан бўлади. Бир оғиз сўз билан уни дунёдаги энг бахтли аёлга ёки шуни аксига айлантириш мумкин. Эркак киши эса чидамли, сабр ва бардошли ҳисобланади. Оилага раҳбар бўлгандан сўнг, эр кишидан кези келганда қаттиққўллик ва талабчанлик, кези келганда эса меҳрибон ва мулойимлик талаб этилади. Аёлининг айрим камчиликларини чиройли йўл билан тўғрилаб, фарзандларининг ҳам ҳатти ҳаракатларини мунтазам назорат қилиб туриш лозим бўлади.
Шайх Рамазон Ал-Бутий раҳимаҳуллохни дўстлари Ахмад Бассам, ўзларини жудаям ажаблантирган, Шайх Бути билан боғлиқ воқеани айтиб берадилар:
«Лазикия университетининг ректори, университет ташкил қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан, университетнинг барча ўқитувчиларини ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Бу даврда Шайх Бутий, Дамашқ университетининг шариат факультетида декан эди. Жудаям банд эканлигига қарамасдан, доктор Бутий бизнинг университитемизнинг араб тили бўлимида Қуръони карим бўйича дарс бериш учун ҳар чоршанба куни келишга розилик берган эди. Чоршанба куни кечқурун у бу ерда қолар эди ва пайшанба куни тушликдан сўнг уйига кетарди. Биз Бутий билан мени хонамда ўтирганимизда, ректор кириб келди ва биз иккимизни пайшанба куни кечкурун уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен дарҳол жавоб бериб таклифни қабул қилдим, лекин Бутий аввал отасидан рухсат сўраши лозимлигини айтди.
Билмайман, бундан ким кўпроқ ҳайратланди — менми ёки университет ректорими? Бошқа ҳеч бир сабаб бундай ғайриоддий кўринмаган бўларди. Лекин, қирқ ёшли университет профессори, фарзандлари хам университет талабаси бўлган киши, бизда бир кечага ушланиб қолиш учун ўз отасидан рухсат сўраши кераклиги мен ва ректор учун момақалдироқ ва чақмоқ каби таъсир қилди. Юзидаги ажабланишни бекитишга ҳаракат қилиб, ректор менга Бутий телефонда отаси билан боғланиши учун унинг хонасига боришимни айтди. 
Биз ректорнинг хонасига бордик, Бутий гўшакни олди ва отасига қўнғироқ қилди, мен қўйидаги сўзларни эшитдим, уларни қандай эшитган бўлсам аниқ келтираман:
-Ассалому алайкум дада.
— …
— Ректор мени бошқа ўқитувчилар билан бирга эртага кечкурун ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен бу ерда қолсам ва уйга жума куни эрталаб қайтсам бўладими?
— …
— рахмат дада… ассалому алайкум… У гўшакни қўйганида, мен унга: 
— “алхамдулиллах, энди сен хотиржам бу ерда қолсанг бўлади” дедим.
— “ йуқ, қололмайман, отам рухсат бермадилар…”
— …
Сиз менинг юзимдаги кутилмаган ҳолатдан таъсирланиш ва телефонда нима бўлганлигини ректорга айтганимда, унинг юзидаги ҳолатни тасаввур қила олмайсиз. Ахир шундай бўлиши мумкинми?! Отаси йуқ деганда, хеч нарса демади, уни кўндиришга харакат қилмади, раҳмат айтиб гўшакни қўйди. Хозирги ёшлар бунга нима дейишар экан, уларда оталари билан бир марта бўлса хам шундай бўлганми?
Бунданда ажабланарлиси, бир неча йил аввал Бутийни Оксфор академиясида лекция ўқиши учун тингловчиларга тақдим қилиш сўзларини айтаётганимда бўлган эди. Мен бу воқеани уларга айтиб бераётганимда, у менга шундай вазмин нигоҳ билан қарадики, худди охирида қизиқ якунни кутаётгандек. Унинг кўзлари менга “ха, нима бунда? нимаси ажабланарли буни?” дерди.
Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади деган нақл бор. Оилада фарзанд ўз онасининг отага нисбатан беҳурматлигини кўриб тарбия топар экан, эртага шу фарзанд ўзи оила қурганда турмуш ўртоғига ҳам шундай муносабатни кўрсатмайди деб ким айта олади? Бир жиҳатдан оилада отанинг ҳурмати йўқолишига ўша оталарнинг ҳам ўз ҳиссалари бор. Аҳли аёлим, бола чақам деб ҳаракат қилмасдан топганини ичкилигу маишатпарастликка сарфлаётган айрим оталар табиий равишда оила тизгинини оилага пул топиб келаётган аёлга топшириб қўйишяпти. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кишининг фарзандига чиройли одоб бериши, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан афзалроқдир”.дедилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак ҳадисларидан шу маълум бўладики, ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши туҳфаси бу гўзал одоб ахлоқ экан. Ҳар бир ота фарзанди учун намуна мактаби бўла олиши, келгусида ўз оиласининг шану-шарафини ҳимоя қила оладидиган, элига, юртига манфаати тегадиган ўғлонларни тарбия қилиши унинг зиммасидаги энг шарафли вазифа ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга  зиммамиздаги вазифамизни гўзал даражада бажаришликни насиб қилсин.

Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод”
жоме масжиди имом-хатиби
Ғоибов МУҲАММАД

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *