ИСЛОМ ТАНБАЛЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

Муқаддас динимиз кишиларни меҳнатга, меҳнатсеварликка чорлайди. Унинг ҳаётбахш таълимотларида касб-ҳунар, омилкорлик, чорвачилик, деҳқончилик, уста-ҳунармандлик, тижоратчилик, бозоргонлик, ишчи-хизматчилик каби инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам, атроф-муҳитга ҳам улкан фойда ва манфаатлар келтирадиган ҳалол ишлар билан шуғулланиш орқали фаровон турмушга эришуви кенг кўламда тарғиб ва ташвиқ этилади.
Маълумки, рибо-судхўрлик барча динларда ман қилинган. Унинг қаттиқ тақиқланишига кўп сабаблар бўлиб, улардан бири тайинли, фойдали меҳнат қилмаган, машаққатсиз, бировлар ҳисобига бойиш эканлигини кўрамиз. Динимиз рибодан қайтарар экан, тижорат, тадбиркорлик, зироатчилик, чорвачилик, ҳунармандлик ва бошқалар каби заминни обод қилиб, гуркиратадиган, жамиятга фақат аниқ фойда келтирадиган ишларни амалга оширишга буюради. Кўряпсизми, ҳалол меҳнат эвазига бойлик орттирилганида нафақат инсоннинг ўзи, балки эл-юрт, атроф-муҳит ҳам манфаат кўради. Ишсизлик муаммосига зарба берилади, мева-чева, мол-ҳол кўпаяди, бозорлар турли савдо моллари билан тўлиб тошади, иморатлар қад ростлайди.

Дангасалик, ишёқмаслик эса аввало инсоннинг ўзига, ундан кейин бошқаларга ҳам зарар етказади. Дангаса одам ҳаётда кўп нарсага эришолмайди. Ваҳоланки, бу ҳаёт доимий ҳаракатда, ўзгариш ва янгиланишда бўлиб, бир босқичда тўхтаб, қотиб турмайдиган жараёндир. Маълумки, ҳар бир оиланинг ўзига яраша кам-кўстлари, эҳтиёжлари бўлади, фарзандлар ўсиб-улғайиб оёққа тургунига қадар уларнинг таъминоти билан шуғулланиш керак. Лекин оила бошлиғи танбал ва ишёқмас бўлса, ортиб борувчи эҳтиёжлар охир-оқибат уни боши берк кўчага олиб киради. Ниҳоят, танбал одам тиланчилик қилишга, ғурурини топтаб, ҳаммадан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Ялқовлик унга дунё ва охиратда хорлик келтиради.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Жоним измида бўлган Зотга (Аллоҳга) қасам, бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб, пулига ўзи ҳам еб, садақа ҳам қилиши Аллоҳ таоло фазлидан ато қилган бой кишининг олдига келиб тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки, у киши ё беради, ё бермайди”(Муттафақун алайҳ).

Дарҳақиқат, инсон тиланчиликни ўзига касб қилганидан кўра ўтин териб келиб, ҳаёт кечиргани минг марта яхшироқдир. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Киши тиланчилик қилавериб, охири юзида бир парча ҳам гўштсиз ҳолда Аллоҳга йўлиқади”, деб огоҳлантирилади (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Ушбу ҳадис мазмунига кўра тиланишни ўзига касб қилиб олган, ишламасдан, фақат тама билан тиланиш билан умр кечирувчи киши Аллоҳга йўллиққанида юзида гўшти бўлмас экан. Бу ҳар ҳолда мукофот эмас, балки жазонинг бир тури экани аниқ. Чунки юз гўшти билан чиройли. Агар юзда гўшт бўлмаса, юз териси суякларга ёпишиб, чакаклар ва ёноқ суяклари бўртиб чиқиб, кўз ичкарига кириб кетиб, кишининг қиёфаси қандайдир совуқ ва ёқимсиз тусга киради. Шу боис юзининг сувини кетказиб, уни қора қилиб, доим бировлардан пул сўраш билан яшаган одамнинг ўз нафсига нисбатан содир қилган жинояти қиёматда ўзига шу йўсинда кўрсатиб берилса, ажаб эмас. Бундай ҳолга тушишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!..

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.