Исломда ҳалол касб қилишнинг ажри улуғ

 Бунга бир қанча хужжат ва далиллар келтирилган. Жумладан,  Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”(Жумъа сураси,10 оят).
Динимиз рўзғор тебратиш учун касб-ҳунар ўрганиб, меҳнат қилишга тарғиб этади.Танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлар қораланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандир” (Имом Абу Довуд ривояти).
  У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна шундай марҳамат қиладилар:
 “Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилинг, бир динор қул озод қилишга сарфладинг, бир динор мискинга садақа қилдинг, бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Буларнинг ичида ажри улуғроғи аҳлингга нафақа қилганингдир”(Имом Муслим ривояти).

Инсон ҳалол касб қилар экан, албатта, биринчи навбатда нияти холис бўлиши лозим. Яъни, шу ҳалол касби орқали ўзи ва аҳли оиласини таъминлаши, ўзгаларга қарам ва муҳтож бўлишдан сақланиши, уларнинг оғирини енгил қилиши касб қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад бўлмоғи керак. Зеро, ҳалол касб қилишнинг кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатлари бордир. Жумладан, ҳалол касб қалбга нур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга мойил этиб, амаллар мақбул бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улуғ саҳобий Саъд ибн Абу Ваққосга бундай деган эдилар:”Эй Саъд! Таомингни ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан”
(
Имом Табароний ривояти).
  Ўз касби ва мансаб-мартабасини суистеъмол қилиш, тамагирлик каби ҳалол бўлмаган йўллар билан кун кўриш гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай дедилар: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ барчамизни ўзининг ҳалол ризқидан топмоғимизни насиб айласин.

Мирзаобод тумани “Зомин”
жоме масжиди имом-хатиби
Мамарайим Тошмуратов